Ислоҳотлар маҳалладан бошланмоқда
Ўзбекистонда аҳолига давлат ва молиявий хизматларни янада яқинлаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда маҳаллаларнинг иқтисодий салоҳиятини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Ана шундай янгича ёндашувлардан бири сифатида Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳрида режалаштирилган “Етти Хазина” банк хизматлари маркази лойиҳасидир.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 24 июндаги “Маҳалла бошқарувини самарали ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳамда тижорат банклари фаолиятини маҳаллалар кесимида йўлга қўйиш, аҳоли ва тадбиркорлар учун молиявий хизматларнинг очиқлиги ва қулайлигини ошириш бўйича белгиланган вазифалар ижроси доирасида амалга оширилмоқда.
Наврўз ҳамда Янги Зарафшон маҳаллалари учун белгиланган драйвер йўналишлари ҳар бир ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда шакллантирилган. Хусусий таълим, тиббиёт, IT, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳалари билан бир қаторда чорвачилик, иссиқхона хўжалиги, ҳунармандчилик ва миллий маҳсулотлар ишлаб чиқариш каби йўналишларга алоҳида эътибор қаратилиши маҳаллалар иқтисодиётини диверсификация қилишга хизмат қилади.
Марказда банк хизматларининг барча асосий турлари – нақд пул ечиш ва киритиш, пластик карталарга хизмат кўрсатиш, электрон тўловлар, шунингдек, рақамли технологиялар орқали бизнес лойиҳалар ва имтиёзли кредитлар ҳақида маълумот олиш имкониятлари яратилади.

Лойиҳа доирасида 120 та янги кичик бизнес субъектини ташкил этиш, 350 та янги иш ўрни яратиш, ҳар куни 150-200 нафар аҳолига тезкор банк хизматлари кўрсатиш ҳамда маҳаллада электрон тўловлар улушини 85 фоизга етказиш режалаштирилган. Бу кўрсаткичлар аҳоли бандлигини таъминлаш, даромад манбаларини кенгайтириш ва маҳаллий иқтисодиётни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
“Етти хазина” лойиҳаси маҳаллани нафақат ижтимоий, балки иқтисодий ривожланиш марказига айлантиришга қаратилган муҳим ташаббусдир. Бу каби ислоҳотлар “Инсон қадри учун” тамойили асосида аҳолининг ҳаёт сифати ва фаровонлигини ошириш, тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш ҳамда давлат хизматларини фуқароларга янада яқинлаштириш йўлида муҳимлардан биридир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири