Ислоҳот, илм ва меҳнат самараси
Қийин шароитда ҳам юксак натижага эришиш мумкин. Бунинг учун ерга меҳр, меҳнатга садоқат, замонавий билим ва давлат томонидан яратилган имкониятлар бирлашиши керак. Олотлик пахтакорлар эришаётган натижалар бу ҳақиқатни яна бир бор исботламоқда.
Президентимиз куни кеча деҳқон ва фермерлар, кластер ходимлари ҳамда барча дала меҳнаткашларини Янги Ўзбекистон тарихида илк бор 5 миллион тоннадан зиёд пахта ҳосили етиштирилгани ва мамлакатимизда тарихий рекорд қайд этилгани билан самимий табриклади. Давлат раҳбарининг табригида Бухоро вилояти, хусусан, Олот тумани пахтакорларининг меҳнати ва эришган натижалари алоҳида эътироф этилгани эса ҳудуд аҳлига янада кўтаринкилик бағишлади.
Бу шунчаки рақам ёки навбатдаги ишлаб чиқариш кўрсаткичи эмас. Бу — йиллар давомида амалга оширилган аграр ислоҳотлар, ерга муносабатнинг ўзгариши, замонавий технологиялар, илм-фан ютуқлари ва энг муҳими, дала меҳнаткашларининг фидокорона саъй-ҳаракатлари самарасидир.
Олотнинг табиий-иқлим шароити, айниқса, қишлоқ хўжалиги учун ўзига хос синов. Туманнинг катта қисми шўрланиш ва чўлланишга мойил ерлардан иборат. Сув танқислиги, тупроқ таркиби ва иқлим шароити пахтадан юқори ҳосил олишни осонлаштирмайди. Илгари бундай майдонларда гектаридан 30–35 центнер ҳосил олишнинг ўзи катта натижа ҳисобланган. Бироқ бугун манзара ўзгармоқда. Аграр соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, фермерларга берилаётган иқтисодий эркинлик, илмий асосланган агротехнологиялар ва замонавий ишлаб чиқариш усуллари натижасида Олот далаларида ҳам юқори ҳосилдорликка эришилмоқда.
Рақамларга мурожаат қилайлик: 2017 йилда туманда пахта ҳосилдорлиги ўртача 30 центнер атрофида бўлган бўлса, жорий мавсумда айрим кўрсаткичлар кескин ўсди. Туман миқёсида ўртача ҳосилдорлик 52 центнердан ошгани, айрим илғор фермер хўжаликларида эса гектаридан 100 центнердан зиёд пахта олингани бу ўзгаришларнинг амалий ифодасидир.
— Президентимиз доимо таъкидлайдилар: нажот — илмда, нажот — таълимда, билимдадир. Бу фикрнинг нақадар ҳаётий эканини қишлоқ хўжалигидаги бугунги натижалар мисолида ҳам кўриш мумкин. Зеро, энди деҳқончиликда фақат тажриба ва анъанавий усулларга таянишнинг ўзи кифоя қилмайди. Ернинг хусусиятини ўрганиш, сувдан оқилона фойдаланиш, замонавий технологияларни жорий этиш ва ҳар бир агротехник тадбирни илмий асосда ташкил қилиш муҳим аҳамият касб этмоқда, — дейди Олот тумани ҳокими Наргиза Неъматова.

Унинг таъкидлашича, Президентимизнинг қишлоқ хўжалиги ходимларига йўллаган табригида Олот туманининг юқори ҳосилдорликка эришган ҳудудлар қаторида алоҳида қайд этилгани барча олотликлар учун катта фахр. Бу эътироф, айни пайтда, келгуси вазифалар ва масъулиятни ҳам англатади.
Давлат раҳбарининг табриги туман фермерлари, деҳқонлари ва кластер вакиллари иштирокида ўқиб эшиттирилгани ҳам бежиз эмас. Зеро, 5 миллион тонналик умуммиллий хирмонда ҳар бир ҳудуднинг, ҳар бир фермернинг, ҳар бир пахтакорнинг муносиб ҳиссаси бор.
Олотдаги ўзгаришларнинг энг таъсирчан мисолларидан бири — илгари ҳосилдорлиги паст бўлган чўл ҳудудларида бугун рекорд натижалар қайд этилаётганидир.
Туманда Икром Ўринов раҳбарлик қилаётган фермер хўжалиги фаолияти бу борада алоҳида эътиборга лойиқ. Илгари гектаридан 30–35 центнер пахта олиш ҳам мушкул бўлган майдонларда замонавий агротехнологияларни жорий этиш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, агротехник тадбирларни ўз вақтида бажариш орқали ҳосилдорлик 100 центнердан оширилди.
Бу натижа биргина мавсумнинг омади эмас. Унинг ортида изланиш, тажриба, меҳнат ва яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиш турибди.

— Муҳтарам Президентимиз бизни — фермер ва деҳқонларни мамлакатимизда 5 миллион тоннадан зиёд пахта ҳосили етиштирилгани билан табрикладилар. Бу хабарни эшитиб, жуда фахрландим, ғурурландим. Чунки ана шу улкан хирмонда менинг ҳам озми-кўпми ҳиссам борлигини ҳис қилишнинг ўзи катта бахт.
Албатта, бундай натижаларга эришиш осон бўлмади. Илгари гектаридан 25–30 центнер ҳосил олсак ҳам, шунинг ўзига шукр қилардик. Бугун эса давлатимиз томонидан яратилаётган имкониятлар, амалга оширилаётган ислоҳотлар, замонавий технологияларни қўллаш орқали 100 центнердан зиёд ҳосил етиштиришга эришдик.
Президентимизнинг бизга қаратаётган эътибори ва билдирган ишончи зиммамизга янада катта масъулият юклайди. Келгусида ҳам меҳнатни кучайтириб, бундан-да юқори натижаларга эришиш учун ҳаракат қиламиз, — дейди фермер Икром Ўринов.
Дарҳақиқат, бугун пахтачиликдаги асосий ўзгариш шундаки, ҳосилдорликни ошириш фақат кўпроқ меҳнат ёки кўпроқ харажат қилиш билан эмас, балки мавжуд ресурслардан тўғри ва самарали фойдаланиш билан боғлиқ бўлиб бормоқда. Илмий ёндашув, замонавий агротехнологиялар, сифатли уруғлик, сув тежовчи усуллар ва механизация — юқори натижага элтувчи муҳим омиллардир.
Пахта ҳосили ҳақида гап кетганда, уни фақат далада етиштирилган маҳсулот сифатида баҳолаш тўғри бўлмайди. Чунки пахтачилик натижаси бутун бир иқтисодий занжирга таъсир кўрсатади.

Етиштирилган хомашё пахта тозалаш корхоналари, тўқимачилик фабрикалари, ип-калава ва мато ишлаб чиқариш, тикувчилик саноати ҳамда ёғ-мой корхоналари учун муҳим ресурс ҳисобланади. Бу эса янги иш ўринлари, қўшимча қиймат, экспорт салоҳияти ва аҳоли даромадларининг ошишига хизмат қилади.
Шу маънода, пахтачиликдаги ҳар бир ижобий натижа қишлоқ хўжалигининг ўзи билангина чекланиб қолмайди. У ҳудуд иқтисодиётининг бошқа тармоқларига ҳам янги имкониятлар эшигини очади.
Олотда эришилаётган натижалар ҳам ана шу жараённинг узвий бир қисми. Энг муҳими, тумандаги пахтакорлар бугунги ютуқлар билан чекланиб қолмоқчи эмас. Келгуси йилда ҳосилдорликни янада ошириш, илғор тажрибаларни кенг оммалаштириш ва ҳар бир гектар ердан юқори самара олиш асосий мақсад қилиб белгиланган.
— Президентимизнинг самимий табриги бизга янада катта куч ва ишонч бағишлади. Бу эътирофни фақат бугунги меҳнатимизга берилган баҳо эмас, балки келгуси фаолиятимиз учун юксак масъулият деб қабул қиламиз. Шу боис, 2027 йилда туманда пахта ҳосилдорлигини ўртача 70 центнерга етказишни мақсад қилганмиз, — дейди туман ҳокими Наргиза Неъматова.
Олот далаларидаги бугунги манзара бир ҳақиқатни намоён этмоқда: табиий шароит қанчалик мураккаб бўлмасин, тўғри ёндашув, илм-фан ютуқлари, замонавий технология ва самарали меҳнат орқали кутилган натижага эришиш мумкин.
Янги Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, фермерларнинг иқтисодий манфаатдорлигини ошириш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, аграр соҳани илм-фан билан уйғунлаштиришга қаратилган ислоҳотлар айнан шундай имкониятларни юзага чиқармоқда.
Давлат раҳбарининг пахтакорларга йўллаган табригидаги эътироф эса бу меҳнатнинг қадри, натижаларнинг аҳамияти ва инсон омилига қаратилаётган юксак эътиборнинг яна бир ифодасидир.
Энг муҳими, 5 миллион тоннадан зиёд пахта хирмони — бу фақат тарихий рақам эмас. Бу юрт равнақи йўлида бирлашган минглаб инсонларнинг меҳнати, ишончи ва фидойилигининг самараси. Олотлик миришкорлар эса чўл бағрида етиштирган мўл ҳосили билан ушбу умуммиллий ютуққа муносиб ҳисса қўшишди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири