Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларга қандай омиллар сабаб бўлади?
Бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш нафақат инсон ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, балки иқтисодий барқарорлик ва меҳнат унумдорлигини ошириш нуқтаи назаридан ҳам катта стратегик аҳамиятга эга.
Ҳар бир бахтсиз ҳодиса ортида инсон саломатлиги, оилалар тақдири ва корхона масъулияти туради.
Жаҳон меҳнат ташкилоти маълумотларига кўра, дунё бўйлаб ҳар йили ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликлари оқибатида тахминан 2,3 миллион ходим ҳалок бўлади, яна 340 миллионга яқин ходим жароҳатланади. Ушбу рақамлар меҳнат хавфсизлиги соҳасида самарали ҳуқуқий механизмларга бўлган эҳтиёж нақадар юқорилигини яққол намоён этади.
Афсуски, аксарият ҳодисалар тасодиф эмас, балки меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя қилинмагани оқибатидир.
Шу ўринда савол туғилади: бахтсиз ҳодисаларга энг кўп сабаб бўлувчи омиллар нимадан иборат? Энг кўп учрайдиган сабаблар қандай? Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Давлат меҳнат инспекцияси маълумотларига кўра, ходимларни ўз вақтида ўқитмаслик ва йўриқнома бермаслик, мажбурий тиббий кўрикларни ташкил этмаслик, шахсий ҳимоя воситалари билан таъминламаслик ёки улардан фойдаланишни назорат қилмаслик бахтсиз ҳодисаларга олиб келиш эҳтимоли юқори.
Бундан ташқари, иш жойларида хавфларни олдиндан баҳоламаслик, носоз ускуна ва жиҳозлардан фойдаланиш, меҳнат ва дам олиш вақти талабларига риоя қилмасликнинг ҳам оқибати хайрли кечмайди.
Энг муҳим омиллардан бири эса ишлаб чиқариш назоратининг сустлиги билан боғлиқ.
Дарҳақиқат, бахтсиз ҳодисани бартараф этишдан кўра, унинг олдини олиш осон ва самаралидир. Боиси ходимнинг ҳаёти ва соғлиғи ҳар қандай ишлаб чиқариш натижасидан устун туради.
А.РУСТАМОВ, ЎзА