Ўзбекистонлик аёл мутахассислар Хитойнинг сув хўжалиги тажрибасини ўрганмоқда
Хитойда сув хўжалиги соҳасида фаолият юритаётган аёл мутахассислар учун халқаро ўқув дастури бошланди. Унда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги тизимида меҳнат қилаётган бир гуруҳ аёл раҳбар ва мутахассислар иштирок этмоқда.
Ўқув дастури иштирокчиларнинг касбий билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, бошқарув салоҳиятини юксалтириш ҳамда сув ресурсларини бошқариш соҳасидаги илғор халқаро тажрибани ўрганишга қаратилган.

Дастур давомида мутахассислар Хитойнинг сув хўжалиги соҳасидаги давлат сиёсати, сув ресурсларини самарали бошқаришда қўлланилаётган замонавий технологиялар ва инновацион ечимлар билан танишмоқда. Шунингдек, гендер тенглиги, аёлларнинг раҳбарлик салоҳиятини ривожлантириш ҳамда соҳадаги замонавий бошқарув ёндашувлари юзасидан тажриба алмашилмоқда.
Ўқув машғулотлари CAREC институти, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ҳамда Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном райони ҳамкор ташкилотлари иштирокида ташкил этилган. Дастур доирасида маърузалар, амалий машғулотлар ва соҳа экспертлари билан учрашувлар ўтказилмоқда.

Вазирлик ахборот хизматига кўра, халқаро ўқув дастури аёл мутахассисларнинг малакасини ошириш, халқаро тажриба алмашишни кенгайтириш ва сув хўжалиги соҳасида замонавий ёндашувларни амалиётга жорий этишга замин яратади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА