Ишга қабул қилиш: шаффофлик бош мезон
Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Қашқадарё вилояти филиали ташаббуси билан журналист ва блогерлар учун ташкил этилган матбуот анжуманида давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали – vacancy.argos.uz орқали вакант лавозимларга ўтказилган танловлар, ишга қабул қилишнинг шаффоф механизми ҳақида сўз борди.
Хусусан бугунга қадар портал орқали 471 марта танловлар эълон қилиниб, 9668 нафардан ортиқ номзод танловда иштирок этиш учун ҳужжат топширган. Бир вакант лавозим ўрнига ўртача 20 нафардан ортиқ номзод ҳужжат юборган.
Шулардан, 80 та вакант лавозимга эълон қилинган танловлар тест ва суҳбат босқичида бўлиб, 18 та вакант лавозимга эса номзодларнинг ҳужжатлари қабул қилинмоқда. Жорий йилда ўтказилган танловларнинг 145 тасида танлов ғолиблари аниқланиб, улар янги лавозимларда иш фаолиятини бошлаган. Шундан, 27 нафар танлов ғолиблари Ёшлар ишлари агентлиги Қашқадарё вилояти бошқармаси тизимида, 56 нафар танлов ғолиблари Оила ва хотин-қизлар қўмитаси Қашқадарё вилояти бошқармаси тизимида иш бошлаган.

Ўтган давр мобайнида жамоатчиликнинг таклиф ва мурожаатларидан келиб чиқиб, очиқ мустақил танловлар жараёнлари бирмунча такомиллаштирилди. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, танлов жараёнларида турли камчилик ва хатолар ҳамон учрамоқда. Бу ҳолатларни бартараф этиш бўйича филиал томонидан бошқарма ва ташкилотларга оғзаки ва ёзма кўрсатмалар бериб борилмоқда. Зарур ҳолларда тегишли тақдимномалар киритилмоқда. Очиқ мустақил танлов жараёнларида йўл қўйилган қонун бузилиш ҳолатлари бўйича йил бошидан бошқарма ва ташкилотларга 8 та тақдимнома киритилиб, аниқланган қонун бузилиш ҳолатларининг бартараф этилиши таъминланди.
Президентимиз раислигида 2022 йилнинг 4 август куни кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор йиғилишининг 61-сонли баёни 5-бандига мувофиқ, маҳаллалардаги юқори натижаларга эришган ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва хотин-қизлар фаоллари орасидан 1000 нафарини танлаб олиш ва Миллий кадрлар захирасига киритиш топшириғига асосан Республика миқёсида 1000 нафардан иборат Миллий кадрлар захирасини шакллантириш жараёнларида вилоятда жами 86 нафар номзодлар саралаб олинди.
Жумладан, 65 нафар ҳоким ёрдамчилари, 17 нафар ёшлар етакчилари ҳамда 4 нафар хотин-қизлар фаоллари белгиланган тартибда туман (шаҳар) сектор раҳбарларининг хулосаларига асосан тақдим этилган номзодлар орасидан тест ва суҳбат натижаларига кўра саралаб олиниб, ушбу номзодлар kadrlar.argos.uz платформасига жойлаштирилди.

Салоҳиятли кадрлар резерви таркибига киритилган номзодларнинг туман (шаҳар) ҳокимликлари ва ҳудудий бошқармаларга қисқа муддатли стажировкаси ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 25 декабрдаги Ёшлар форумидаги нутқи ҳамда 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида 2021 йил – “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” да белгилаб берилган устувор вазифаларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан интеллектуал жиҳатдан салоҳиятли ва фаол фуқаролик позициясига эга, теран фикрлайдиган, мустақил дунёқарашга эга ёш лидерлар жамоасини шакллантириш ташаббуси илгари сурилган эди.
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вилоят филиали ҳамда Ёшлар ишлари Агентлигининг вилоят бошқармалари таклифига кўра, вилоятда “Келажак лидерлари” клубини ташкил этиш ва клуб тўғрисидаги Низом тасдиқланган.

Ҳозирда “Келажак лидерлари” клуби аъзолари сони 40 нафарни ташкил этади. Клуб аъзоларидан 23 нафари давлат хизматчилари, 17 нафари олий таълим муассасалари талабалари.
“Келажак лидерлари” клуби фаолияти давомида “Ҳоким билан бир кун”, “Дублёр”, “Давлат хизматига очиқ йўл” каби лойиҳалар доирасида туман ва шаҳар ҳокимлари билан учрашувлар ўтказилмоқда. Ушбу лойиҳалардан кўзланган асосий мақсад раҳбарларга муносиб издошлар тайёрлаш кўзда тутилган.
Жорий йилнинг 1 майидан 10 июнигача Давлат бошқаруви Академиясида ташкил этилаётган “Келажак лидерлари” махсус малака ошириш дастурига ўқишга клуб аъзолари орасидан муносиб номзодлар сараланиб ўқишга юборилди.

Ўлмас Баротов, ЎзА.