Ишдан бўшатиш нафақасидан кимлар фойдалана олади?
Меҳнат муносабатларининг якунланиши ҳар доим ҳам икки томон учун оддий кечмайди. Айниқса, ходим ўз хоҳишидан ташқари, ташкилотдаги ўзгаришлар туфайли ишсиз қолган вазиятда унинг моддий барқарорлигини таъминлаш муҳим масалага айланади. Ўзбекистон Республикасининг янги Меҳнат кодексида бундай ҳолатлар учун махсус ҳимоя механизми — ишдан бўшатиш нафақаси кўзда тутилган. Мазкур кафолат ходим янги иш топгунига қадар ўзига хос моддий кўприк вазифасини ўтайди.
Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Далербек Ҳабибуллаев бу борада қуйидагича тушунча берди:
–Ишдан бўшатиш нафақаси — бу ходим меҳнат шартномаси бекор қилинганда даромадсиз қолмаслиги учун бир йўла тўланадиган пулли компенсация ҳисобланади.
Ишдан бўшатиш нафақаси кўпинча ташкилот тугатилганда, штат қисқартирилганда ёки ходим соғлиғи ҳолатига кўра ишини давом эттира олмаганда тўланади. Ходим ўз хоҳиши билан ёки меҳнат интизомини бузгани учун бўшатилганда бу нафақа тўланмайди.
Янги Меҳнат кодексига асосан, бу нафақанинг миқдори ходимнинг мазкур иш берувчидаги иш стажига қараб табақалаштирилган ва у қуйидагича белгиланади:
Ж️умладан, 3 йилгача иш стажига эга ходимлар учун ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизидан кам бўлмаслиги керак, 3 йилдан 5 йилгача иш стажига эга ходимлар учун ўртача ойлик иш ҳақининг 75 фоизидан кам бўлмаслиги керак, 5 йилдан 10 йилгача иш стажига эга ходимлар учун ўртача ойлик иш ҳақининг 100 фоизидан кам бўлмаслиги керак. 10 йилдан 15 йилгача иш стажига эга ходимлар учун ўртача ойлик иш ҳақининг 150 фоизидан кам бўлмаслиги керак, шунингдек, 15 йилдан ортиқ иш стажига эга ходимлар учун ўртача ойлик иш ҳақининг 200 фоизидан кам бўлмаслиги лозим.
Шунингдек, қуйидаги ҳолатларда нафақа тўланади. Жумладан, иш берувчи ташаббуси билан (ходим айбдор бўлмаган ҳолда), ходим ҳарбий хизматга чақирилса, аввалги ишига тикланса, ташкилот тугатилса, депутатлик ваколати тугаса ва ишига қайтса, ишга қабул қилишда қонун бузилиши бўлса (айбсиз ҳолатда) ҳамда тиббий сабабларга кўра ишни давом эттира олмаса нафақа тўланади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА