Ишcизликнинг “давоси” касб-ҳунар
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бугун кўпчилик иш йўқлигидан нолийди. Албатта, бирор ҳунар, касб-корни бошини тутмаган киши учун иш йўқ. Аммо, қўлида ҳунари бор одам ҳар қандай жойда қора қозонни қайната олади. Касб-корли кишини ишни ўзи излаб келади. Шундай экан, яратилган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда касб-ҳунар эгаллаб қўйиш зиён қилмайди. Юртимиз таълим тизимида йўлга қўйилган касб-ҳунар мактаблари ёшларга ана шундай имкониятни туҳфа этаётган маскан ҳисобланади.
Биргина Тойлоқ тумани мисолида олиб қарайдиган бўлсак, туманда айни пайтда 2 та касб-ҳунар мактаби фаолият юритмоқда. Уларда жами бўлиб 929 нафар ўқувчи касб-ҳунар сирларини ўрганмоқда.
Жумладан, Тойлоқ туман 1-сон касб-ҳунар мактабида таҳсил олаётган 490 нафар ўқувчи “Автомобилларни таъмирлаш чилангари”, “Пайвандловчи (электргазпайвандлаш ишлари)”, “Иссиқхона ва парник хўжалиги лаборанти”, “Тикувчи”, “Тракторчи-машинист”, “Электромонтёр”, “Компьютер графикаси ва дизайн оператори”, “Aппарат ва дастурий таъминот созловчиси”, “Қишлоқ хўжалиги машиналарини таъмирлаш чилангари” каби йўналишларда касб-ҳунар сирларини пухта эгалламоқда.
- Келгусида модельер дизайнер бўлмоқчиман, - дейди Тойлоқ туман 1-сон касб-ҳунар мактаби ўқувчиси Азиза Ибодуллаева. – Шу боис, касб-ҳунар мактабида ўқиб, тикувчилик сирларини ўрганмоқда. Дарсдан бўш вақтимда қоғоздан гуллар ясаб мустақил меҳнат қилиб, даромад топишни ҳам йўлга қўйганман. Шунингдек, маҳалламиздаги тикувчилик марказида ҳам иш ўрганаяпман. Энг муҳими, мактабни битиргунимча тикувчиликни пухта эгаллаб, мустақил фаолият юритишга тайёр бўламан.
Тойлоқ туман 2-сон касб-ҳунар мактабида эса бугунги кунда 439 нафар ўқувчи касб-ҳунар йўналишида таҳсил олади. Уларга “Электромонтёр”, “Тракторчи-машинист”, “Автомобилларни таъмирлаш чилангари”, “Тикувчи”, “Пайвандловчи (электргазпайвандлаш ишлари)”, “Оқава сув ва сув таъминоти тизимларидан фойдаланиш ва монтаж қилиш устаси”, “Ошпаз, қандолатчи”, “Сотувчи, назоратчи-кассир”, “Сартарош (модельер)” ҳамда “Газ ва сув истеъмол назоратчи оператори” каби мутахассисликлар бўйича таълим берилмоқда.
- Касб-ҳунар мактабимизда ўқиётган ўқувчилар туманимизнинг турли ҳудудларидан келишади, - дейди Тойлоқ туман 2-сон касб-ҳунар мактаби директори Марҳабо Ғофурова. – Баъзида йўл-харажатлари билан боғлиқ муаммолар туфайли ўқувчиларимиз ўзлари касб-ҳунар эгаллашни хоҳласа-да, умумтаълим мактабларида ўқишни давом эттиришга мажбур бўлмоқда. Биз имкон қадар ўқувчиларимизга касб-ҳунар сирларини мукаммал ўргатиб, ўқиш билан амалиётни ҳам биргаликда давом эттиришга шароит яратишга ҳаракат қилаяпмиз. Аксарият ўқувчиларимиз бўш вақтида маҳаллаларидаги тикувчилик устахоналари, сартарошхона, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаларида иш ўрганиш билан бирга ўз эҳтиёжлари учун даромад топиш имконига эга бўлмоқда.
[gallery-6070]
Алишер ИСРОИЛОВ (сурат) ЎзА