Ишчининг малакасига шубҳа бўлмайди
Иш берувчи учун ишчининг юқори малакага эгалиги ва ўз касбини пухта эгаллагани ниҳоятда муҳим.
Иш берувчи учун ишчининг юқори малакага эгалиги ва ўз касбини пухта эгаллагани ниҳоятда муҳим. Ишчида ҳақиқатан шундай сифатлар борлигига қандай ишониш мумкин? Айниқса, ишчи бошқа давлат фуқароси бўлса, унинг касбий тажрибасига ким кафолат беради?
Фуқароларимиз хорижий давлатларга вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун борганда шу каби саволлар юзага келмаслигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон халқаро WorldSkills International ассоциациясига аъзо бўлиш ишларини олиб бормоқда.
Айтиш жоиз, WorldSkills International халқаро стандартлар асосида ишчи касбларни оммалаштириш ва касбий тайёргарликни ошириш бўйича фаолият юритадиган халқаро ташкилот ҳисобланади. Ҳозирда унинг таркибида 85 та иштирокчи давлат мавжуд.
Ассоциациясига аъзолик нима фойда беради?
Биринчидан, Ўзбекистонда WorldSkills Internationalнинг халқаро стандартлари бўйича ишчи касбларга ўқитиладиган марказ ташкил этилади.
Иккинчидан, WorldSkills International халқаро стандартлари бўйича ишчи касбларга ўқиган шахсларга касбий малакаси тасдиқланганлиги ҳақида халқаро сертификат берилади. Айнан мана шу сертификат хорижий иш берувчилар томонидан ишчига тўлиқ ишонч билдирилишига асос бўлади.
Учинчидан, дунё миқёсида ишчи касблар бўйича ўтказиладиган жаҳон чемпионатларида бевосита иштирок этиш орқали катта тажриба тўплаш ва талаб юқори бўлган касб йўналишлари бўйича миллий кадрлар сафини кенгайтириб бориш имконини яратади.
Дастлабки қадамлар қўйилди
Жорий йилнинг 24 августи Ўзбекистон делегациясининг WorldSkills International президенти билан учрашуви давомида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан мазкур халқаро ассоциацияга аъзо бўлиш учун ариза киритилди. 28 август Ишчи касбларни ривожлантириш ва оммалаштириш миллий ассоциацияси – WorldSkills Uzbekistan ташкил этилди.
WorldSkills International ассоциацияси раҳбарияти томонидан Россия Федерацияси Ўзбекистоннинг WorldSkills ҳаракатига қўшилиш ишларини ташкил этиш бўйича асосий ҳамкор давлат сифатида белгиланди.
Шу йилнинг 13 ноябрь куни Бухоро вилоятида Ўзбекистон ва Россия Ҳукуматлари ҳамкорлигида меҳнат миграцияси тизимини янада такомиллаштиришга бағишланган анжуман ўтказилди. Унда “WorldSkills Russia” билан ҳамкорликда Ўзбекистонда “WorldSkills International” стандартларига жавоб берувчи малакани баҳолаш марказлари ҳамда малакани мустақил баҳоловчи тизим ишга туширилиши, мазкур жараёнда “WorldSkills Russia” тажрибасидан фойдаланиш масалалари муҳокама этилди.
WorldSkills Uzbekistan фаолиятини ривожлантириш учун касбий таълимни самарали йўлга қўйиш ва ишчи касблар бўйича миллий терма жамоани тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 августдаги қарори билан Меҳнат вазирлиги ҳузурида 22 та ишчи касблар бўйича таълим берадиган “Ишга марҳамат“ мономаркази яратилди.
Бу йил декабрь ойида Ўзбекистонда WorldSkills стандартлари асосида ишчи касблар бўйича очиқ чемпионат ўтказилиши режалаштирилган. Чемпионатда 250 га яқин иштирокчи ва 10 дан ортиқ халқаро экспертлар қатнашади. Ушбу очиқ чемпионат Ўзбекистонда ишчи касблар тизимини янги босқичга олиб чиқишдаги муҳим одимлардан бўлиши кутилмоқда.
Хусусан, чемпионат муносабати билан WorldSkills International президентининг Ўзбекистонга ташриф буюриши ва шу аснода Ўзбекистоннинг WorldSkills International ассоциациясига аъзо бўлиш масаласи кўриб чиқилиши кўзда тутилган.
Шаҳноза РАВШАНОВА,
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Матбуот хизмати раҳбари