Ишчиларнинг иш ҳақи тўлиқ ундириб берилди
Бу ҳақда туман адлия бўлими масъул ходими Лобар Розимова ЎзА мухбирига хабар берди.
Қорақалпоғистон Республикаси Беруний тумани адлия бўлими томонидан “Беруний Агросервис машина трактор парки” масъулияти чекланган жамиятида ишлаган бир гуруҳ фуқароларнинг 54 миллион 837 минг сўм иш ҳақи ундириб берилди.
Бу ҳақда туман адлия бўлими масъул ходими Лобар Розимова ЎзА мухбирига хабар берди.
Мазкур масъулияти чекланган жамияти ходимлари И.О, М.Ю, И.М, Ш.Г.нинг иш ҳақиларини ундиришда амалий ёрдам сўраб ёзган мурожаати бўйича тегишли ҳужжатлар ўрганилганда уларга жами 54 минг 837 минг сўм ҳисобланган иш ҳақи тўланмаганлиги аниқланди.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 154-моддасида иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъи назар, ходимга бажарган иши учун ҳақни кўрсатилган шартларга мувофиқ белгиланган муддатда тўлаши шартлиги белгиланган. Мазкур Кодекснинг 161-моддасига мувофиқ, меҳнатга ҳақ тўлаш муддати жамоа шартномаси ёки бошқа локал норматив ҳужжатда белгиланади ва ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмас. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 171-моддаси 5-бандида ҳисобланган, лекин ходимга тўланмаган иш ҳақини ва бошқа унга тенглаштирилган тўловларни ундириш ҳақида талаб арз қилинган бўлса, суд буйруғи берилади, деб кўрсатилган.
Юқоридаги нормаларга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисида”ги Низомга мувофиқ туман адлия бўлими томонидан фуқаролар И.О, М.Ю, И.М, Ш.Г. манфаатини кўзлаб фуқаролик ишлари бўйича Беруний туманлараро судига аризалар киритилди. Натижада уларга иш ҳақилари тўлиқ ундириб берилди.