Ишчи-хизматчилар меҳнати эътироф этилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилоятида 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари кунини муносиб тарзда ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Унга кўра, фахрийларнинг ҳолидан хабар олиш, “Мурувват” ва “Саховат” уйларида турли маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этиш, ички туризм лойиҳаси бўйича ишчи-хизматчиларни республикамизнинг турли тарихий шаҳарларига саёҳатларини уюштириш каби қатор тадбирлар режалаштирилган.
Фарғона шаҳридаги “Афросиёб” тантаналар мажмуасида “Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик” шиори остида ўтказилган байрам тадбири ҳам соҳа фидойиларини эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш мақсадида ташкил этилди.
Маросимда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Қобилжон Қирғизалиев, вилоят, шаҳар секторлари раҳбарлари, вилоят бошқарма ва ташкилотлари раҳбарлари, уюшма ходимлари, ҳамкор ташкилотлар, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Тадбирда сўз олган вилоят раҳбари Х. Бозоров бугунги кунда вилоят корхона ва ташкилотларида 10 мингдан зиёд ишчи-ходим фидокорона меҳнат қилиб келаётгани ҳамда касаба уюшмалари ишчи-ходимларни касбий, меҳнатга оид, ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, муносиб меҳнат шароитларини яратишда фаол иштирок этаётганига алоҳида урғу берди.
[gallery-9425]
Касаба уюшмалари томонидан ижтимоий шерикчилик асосида кенг кўламли ишлар амалга оширилгани, йил бошидан буён 1368 нафар ишчи-хизматчининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш орқали 1 миллиард 634 миллион сўмдан зиёд иш ҳақлари, маънавий ва соғлиғига етказилган зарар ва унга тенглаштирилган тўловлар ундириб берилгани айтиб ўтилди.
Сўнгги йилларда тизимга қаратилган эътибор натижасида касаба уюшмалари жамиятимизнинг муҳим бир бўлагига айланганини алоҳида таъкидлаган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Қ. Қирғизалиев соҳа ходимларини самимий қутлаб, касаба уюшмалари фаолиятини ривожлантиришда Фарғонада ўзига хос тажриба мактаби яратилганини эътироф этди. Биргина “Аёллар дафтари” билан ишлаш борасида вилоятда 74 минг 463 нафар хотин-қизга амалий ёрдам кўрсатилгани алоҳида қайд этилди. Шунингдек, кооперация усулида тадбиркорликни ривожлантириш бўйича 60 та лойиҳада минглаб ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланди. Шунингдек, жорий йилда 11 минг 600 нафар болажоннинг ёзги соғломлаштириш оромгоҳларида мароқли дам олишига имкони яратилди. Бундан ташқари, 26 минг 202 нафар ишчи-ходимнинг Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хоразм каби шаҳарлар ва диққатга сазовор жойларга саёҳатлари ташкил этилди. Шунингдек, 1368 нафар ишчи-ходимнинг касаба уюшма аралашуви билан ҳуқуқлари тикланди.
Тадбирда Федерация томонидан эълон қилинган “Энг яхши сектор раҳбари”, “Энг яхши маҳалла фуқаролар йиғини раиси”, “Энг яхши аёл иш берувчи”, “Энг яхши ҳоким ёрдамчиси”, “Энг яхши ёшлар етакчиси”, “Энг яхши хотин-қизлар фаоли” каби танловларнинг вилоят босқичи ғолибларига диплом, пул мукофоти, эсдалик совғалари тантанали топширилди.
– Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ўтказиб келинаётган “Энг яхши хотин-қизлар фаоли” кўрик-танловида менинг камтарона меҳнатим эътироф этилиб, вилоят босқичида фахрли 1-ўринга лойиқ кўрилибман, - дейди “Энг яхши хотин-қизлар фаоли” йўналиши бўйича танлов ғолиби, Олтиариқ туманидаги “Устоз” МФЙ хотин-қизлар фаоли Комила Ғиёсова. – Рости жуда ҳаяжондаман. Бу эътироф менинг келгуси фаолиятимда катта масъулият юклайди. Эндиликда ишимга бўлган масъулиятни янада ошириб, хотин-қизларимизни ҳаётдан рози бўлиб яшашларига эришишда, уларнинг муаммоларини ҳал этишга бор куч ва имкониятимни сафарбар этаман.
Таниқли хонандалар томонидан ижро этилган дилбар тароналар барчага байрамона кайфият улашди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА