Ишбилармонлик муҳитида гендер сиёсатининг роли қандай?
Жорий йилнинг 15-16 май кунлари Тошкент шаҳрида “Бизнесда гендер мувозанатининг роли. Гендер муносабатга йўналтирилган иш берувчи” мавзусида 3-халқаро анжуман ўтказилди.
Ўзбекистон иш берувчилар конфедерацияси ва “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда маҳаллий ва хорижлик экспертлар, мутахассислар иштирок этди.
Ўзбекистон иш берувчилар конфедерацияси раиси Илҳом Ҳайдаров, камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири ўринбосари Раъно Турдибоева, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси раиси ўринбосари Бахтиёр Маҳмадалиев ва бошқалар мамлакатимизда хотин-қизларга яратилаётган қулайликлар ва гендер тенглик сиёсати уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишига хизмат қилаётганини таъкидлади.
Ўзбекистон иш берувчилар конфедерацияси раиси Илҳом Ҳайдаров қайд этганидек, ушбу тадбир нафақат ишбилармонлик муҳитида гендер сиёсатининг бугунги ҳолатини муҳокама қилиш, балки гендер тенглигини ҳисобга олган ҳолда меҳнат шароитларини яхшилаш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишга қаратилгани билан янада аҳамиятли.
–Бугунги кунда хотин-қизларимиз жамият ҳаётида фаол иштирок этмоқда. Бу уларнинг ҳаётда ўз ўрнини эгаллаши, иқтидорини намоён этиши ва бизнес соҳасида имкониятларини синаб кўришида янада яққол кўринмоқда. Мамлакатимизда хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар ҳам бу борада ишларнинг сиёсат даражасига кўтарилганидан далолат беради. 2018 йил 2 ноябрь куни Янги Ўзбекистон тарихидаги муҳим ташаббуслардан бири – Ўзбекистон иш берувчилари конфедерацияси ташкил этилган. 200 мингга яқин ишчи хизматчилар манфаатларини бирлаштирган конфедерация ўз фаолияти давомида ижтимоий мулоқот доирасидаги мустаҳкам ва баркамол шериклик натижаси сифатида муносиб меҳнат шароитларига эришиш бўйича умумий ишларда, шунингдек, ихтисослашган маслаҳатлар жараёнида иштирок этиб келмоқда. Конфедерация пахта терими мониторинги, мажбурий меҳнатнинг олдини олиш масаласида “Cotton Campaign” халқаро коалицияси билан фаол диалог олиб бориши, “пахта бойкоти” бекор қилинишига катта ҳисса қўшганини алоҳида эътироф этмоқчиман. Шу билан биргаликда, конфедерация муносиб меҳнат ташаббуси доирасида “Better Work”, “Decent work” лойиҳалари билан ҳар томонлама иш шароитларини яхшилаш, гендер тенглик ва ёшларни қўллаб-қувватлаш юзасидан кенг кўламдаги ишларни олиб бормоқда, – деди И.Ҳайдаров.
Айтиш жоизки, Президентимизнинг 2019 йил 7 мартдаги “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада ишлар кўламини кенгайтиришда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Тадбирда тадбиркор аёлларга ва тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган хотин-қизларга ўз бизнесини ташкил этишда зарур маслаҳатлар бериш ва амалий ёрдам кўрсатиш ана шундай ҳуқуқий меъёрлар самараси экани таъкидланди.
Шунингдек, анжуман иштирокчилар учун гендер мувозанати ва инклюзия соҳасида халқаро илғор тажрибалар алмашиш, гендер сиёсати соҳасида халқаро шериклик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистонда бизнесни барқарор ривожлантиришнинг янги уфқларини белгилаш имконини яратди.
Анжуман якунида меҳнат соҳасида гендер тенглигини таъминлаш бўйича барча манфаатдор томонларнинг келгусидаги фаолиятининг асосий мажбуриятлари ва йўналишларини акс эттирувчи умумий ҳамкорлик ҳужжати қабул қилинди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА