Иш жойидаги хавф қачон фожиага айланади?
Баъзан биргина эътиборсизлик, бир дақиқалик шошқалоқлик ёки вақтида аниқланмаган хавф инсон тақдирини бутунлай ўзгартириб юборади.
Иш жойида содир бўладиган ҳар бир бахтсиз ҳодиса — бир оиланинг дарди, фарзанднинг отасиз ёки онасиз қолиши, яқинлар қалбида қоладиган оғир из. Шу боис меҳнат хавфсизлиги масаласи фақат қонун ва қоидалар эмас, аввало инсон ҳаётини асрашга қаратилган энг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Иш вақтида қайд этилаётган бахтсиз ҳодисалар бу соҳада хавфларни олдиндан аниқлаш ва уларнинг олдини олишга қаратилган янги ёндашувлар зарурлигини яна бир бор кўрсатмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи ўринбосари Шукрулло Мавлонов маълумотларига кўра, 2026 йилнинг 7 ойи давомида Ўзбекистонда меҳнат фаолияти билан боғлиқ 529 та бахтсиз ҳодиса қайд этилган. Шундан 24 таси — гуруҳ, 372 таси — оғир оқибатли ҳамда 132 таси — ўлим билан якунланган. Жами 580 нафар ходим жабрланган. Уларнинг 156 нафари ҳалок бўлган, 402 нафари оғир, 22 нафари эса енгил тан жароҳати олган.
Бу рақамларни оддий статистик кўрсаткич сифатида қабул қилиб бўлмайди. Чунки ҳар бир рақам ортида инсон ҳаёти ва унинг яқинлари тақдири турибди.
Ҳар бир бахтсиз ҳодисадан кейин бир савол туғилади: бу воқеанинг олдини олиш мумкинмиди?
– Амалиёт шуни кўрсатадики, кўплаб бахтсиз ҳодисалар биргина сабаб туфайли юзага келмайди, – дейди Шукрулло Мавлонов. – Уларнинг ортида, одатда, бир-бири билан боғлиқ бўлган бир нечта омиллар кетма-кетлиги мавжуд бўлади. Хусусан, хавф, хавфни аниқламаслик ёки эътиборсиз қолдириш, назоратнинг етарли эмаслиги, хавфли ҳаракат ёки хавфли шароит, ҳодиса, жароҳат кабилар сабаб бўлади. Афсуски, ҳар қанақа сабаб бўлмасин, инсон ҳаётига таҳдид солувчи ҳолатларнинг юзага келиши ачинарли.
Аслида бахтсиз ҳодиса содир бўлгандан кейин фақат “ким айбдор?” деган саволни бериш етарли эмас. Бунда энг аввало иш жараёнидаги ҳолатлар чуқур таҳлил талаб этади.
Хавф қачон пайдо бўлди?
Ким томонидан аниқланди ёки аниқланмади?
Нима учун бартараф этилмади?
Назорат нима сабабдан ишламади?
Мутахассис сифатида айтишим лозимки, зарур саволларга жавоб топмасдан туриб, фақат ҳодиса оқибатини ўрганиш орқали унинг илдиз сабабларини бартараф этиб бўлмайди.
Меҳнат хавфсизлигини фақат бахтсиз ҳодисалар статистикаси орқали баҳолаш етарли эмас. Меҳнат хавфсизлигида, энг аввало реактив ёндашувдан проактив ёндашувга изчил ўтиш зарур.
Реактив ёндашув бу - ҳодиса → текширув → сабаб → чора бўлса, проактив ёндашув - хавфни аниқлаш → хавфни баҳолаш → назорат чораларини белгилаш → мониторинг → олдини олишдир.
Бу икки ёндашув ўртасидаги асосий фарқ шундаки, биринчиси ҳодисага жавоб беради, иккинчиси эса ҳодисага олиб келиши мумкин бўлган хавфни олдиндан бошқаради.
Мазкур ёндашувни амалиётга жорий этиш, бахтсиз ҳодисалар ҳақида хабар бериш, уларни текшириш ва ҳисобга олиш тизимини такомиллаштириш мақсадида Давлат меҳнат инспекцияси Меҳнатни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан соҳа олимлари ва мутахассислари билан ҳамкорликда Вазирлар Маҳкамасининг “Меҳнат фаолияти билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар тўғрисида хабар бериш, уларни текшириш ва ҳисобга олиш ҳамда уларнинг оқибатида етказилган зиённинг ўрнини қоплаш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Айни пайтда мазкур лойиҳа белгиланган тартибда кўриб чиқилмоқда ва тасдиқланиши кутилмоқда.
Лойиҳада бахтсиз ҳодисаларни аниқлаш, хабар бериш, текшириш ва ҳисобга олиш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга қаратилган бир қатор муҳим механизмлар назарда тутилмоқда.

Муҳими, иш берувчининг аниқ мажбуриятлари белгиланади. Бахтсиз ҳодиса содир бўлганда иш берувчининг қандай ҳаракатларни, қайси тартибда ва қандай муддатларда амалга ошириши кераклиги аниқ тартибга солиниши режалаштирилган. Бу бир томондан ҳодисани яшириш ёки хабар беришни кечиктиришнинг олдини олишга, иккинчи томондан эса, жабрланувчининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда текширувнинг тўлиқ ва сифатли ўтказилишини таъминлашга хизмат қилади.
Амалиётда айрим жароҳатланиш ҳолатлари иш берувчи томонидан тегишли тартибда расмийлаштирилмаслиги ёки ўз вақтида хабар қилинмаслиги мумкин. Бундай ҳолатларда жабрланувчининг қонунчиликда белгиланган ҳуқуқ ва кафолатларидан фойдаланиш имконияти ҳам чекланиши эҳтимоли мавжуд. Шу сабабли тиббиёт муассасалари томонидан бахтсиз ҳодиса оқибатида жабрланган шахслар тўғрисида Давлат меҳнат инспекцияси ҳамда касаба уюшмаларини хабардор қилиш тартибини жорий этишни назарда тутилмоқда. Бу механизмнинг асосий мақсади — яширилиши мумкин бўлган ҳодисаларни аниқлашдан ташқари, энг аввало, жабрланувчи ва вафот этган ходимнинг оила аъзолари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш.
Бундан ташқари, агар бахтсиз ҳодиса ёнғин, портлаш, техноген авария ёки табиий офат оқибатида содир бўлган бўлса, текширув комиссияси таркибига Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакилини киритиш назарда тутилмоқда. Бундай ҳодисаларда сабабларни фақат меҳнат хавфсизлиги нуқтаи назаридан эмас, балки фавқулодда вазиятнинг келиб чиқиш сабаблари, техник ҳолат, ташкилий чоралар ва бошқа омилларни ҳисобга олган ҳолда комплекс баҳолаш муҳимдир. Бу эса ҳодисанинг ҳақиқий сабабларини чуқурроқ аниқлаш ва келгусида такрорланишининг олдини олиш бўйича самарали чораларни белгилаш имконини беради.
Лойиҳада бахтсиз ҳодисалар тўғрисида хабар бериш, уларни текшириш ва ҳисобга олиш жараёнларини сунъий интеллектга асосланган электрон ахборот тизими орқали амалга оширишни жорий этиш назарда тутилмоқда.
Бу оддийгина қоғоз ҳужжатларни электрон шаклга ўтказиш эмас. Тўғри ташкил этилган рақамли тизим ҳодиса ҳақида тезкор хабар бериш, текширув жараёнининг шаффофлигини таъминлаш, ҳужжат ва далилларни тизимлаштириш, ишончли статистик маълумотларни шакллантириш, такрорий ва яширин ҳодисаларни аниқлаш ҳамда хавфларни ҳудуд, тармоқ ва бошқа мезонлар кесимида таҳлил қилиш имконини бериши кутилмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА