Иш ўринлари сақлаб қолинди
Ҳар куни ишга отланадиган инсон учун корхона эшигининг очиқлиги шунчаки иш куни бошланганини англатмайди. Бу — оиласига ризқ олиб бориш, фарзандлари эҳтиёжини қондириш ва келажакка ишонч билан қараш имкониятидир. Бироқ корхона молиявий қийинчиликка дуч келиб, ишлаб чиқариш тўхтаб қолиш хавфи туғилса, бу ташвиш нафақат раҳбарият ва ходимларга, балки уларнинг оилаларига ҳам таъсир қилади. Бундай вазиятда корхонани қайта оёққа турғизиш — нафақат иқтисодий муаммони ҳал этиш, балки инсонларнинг меҳнат қилиш имконияти ва эртанги кунга бўлган ишончини сақлаб қолиш ҳамдир.
Сирдарё вилоятида суд томонидан банкрот деб топилган ва тугатиш тартиб-таомилида бўлган иккита корхона — «Guliston Sayqal textil» МЧЖ ва «White-Gold klaster» МЧЖ фаолияти сақлаб қолинди. Кредиторлар билан тузилган келишув битимлари 2026 йил 7 октябрда суд томонидан тасдиқланиб, корхоналарга нисбатан тугатиш тартиб-таомили тугатилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Тўловга қобилиятсизлик ишлари агентлиги ишчи гуруҳининг вилоятда олиб борган ўрганишлари давомида маълум бўлди.

Ишчи гуруҳ аъзолари вилоятда тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомили қўлланилган ва мол-мулки мавжуд 12 та корхона фаолиятини жойига чиққан ҳолда ўрганди. Жумладан, уларнинг молиявий-иқтисодий аҳволи, ишлаб чиқариш қувватлари, мавжуд ресурслари ва фаолиятини қайта тиклаш имкониятлари таҳлил қилинди. Шунингдек, молиявий қийинчиликларнинг келиб чиқиш сабаблари аниқланиб, уларни бартараф этиш, ишлаб чиқариш жараёнларини тиклаш ва корхоналарнинг молиявий барқарорлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

Жумладан, Гулистон туманидаги «Guliston Sayqal textil» МЧЖда тугатиш тартиб-таомили корхона фаолиятини тўхтатмасдан олиб борилди. Натижада 32 нафар доимий ва 300 нафар мавсумий иш ўрни сақлаб қолинди. Келишув битимига кўра «Агробанк» АТБ олдидаги қарз 24 ой давомида ҳар ойда 3,2 млрд сўмдан тўланади. Сирдарё туманидаги «White-Gold klaster» МЧЖнинг ишлаб чиқариш мажмуаси эса савдога чиқарилмасдан корхонада қолди. Агентлик ҳар иккала битим ижросини ҳар чоракда назорат қилиб боради.

— Тўловга қобилиятсиз корхоналар билан боғлиқ муаммолар нафақат иқтисодий, балки ижтимоий аҳамиятга ҳам эга. Чунки бунинг ортида ишчи-хизматчиларнинг даромади, оилалар фаровонлиги ва аҳоли бандлиги каби муҳим масалалар турибди. Шу боис корхоналарни соғломлаштириш, улар фаолиятини тиклаш, ходимларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоясини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада корхоналарга амалий ёрдам кўрсатилиб, ҳуқуқий маслаҳатлар берилмоқда, — деди Адлия вазирлиги ҳузуридаги Тўловга қобилиятсизлик ишлари агентлиги Сирдарё вилоят бўлими бошлиғи Акбар Ахроров.

Айни пайтда фаолиятини қайта тиклаш имконияти мавжуд бўлган бошқа корхоналарда ҳам муаммоларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланмоқда. Масъулларга тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилиб, ишлаб чиқариш имкониятларидан самарали фойдаланиш, молиявий барқарорликни мустаҳкамлаш ҳамда корхоналар фаолиятининг узлуксизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Зеро, корхона фаолиятининг тикланиши — ишлаб чиқаришнинг қайта жонланиши, иш ўринларининг сақланиши эса инсонлар ҳаётида барқарорлик ва ишончнинг давом этишидир. Ҳар бир сақлаб қолинган иш ўрни ортида оиласини таъминлаётган инсон, унинг яқинлари ва эртанги кунга бўлган умиди бор. Шу боис тўловга қобилиятсиз корхоналарни соғломлаштириш нафақат иқтисодий муаммоларни бартараф этиш, балки инсон қадрини улуғлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва вилоят тараққиётига ҳисса қўшиш демакдир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири