Иш ҳақи тўланмагани учун 5 та автомашина жарима майдончасига қўйилди
Шу сабабли, маъмурият ходимга тегишли иш ҳақи ва маънавий зарар пулларни тўлиқ тўлаб беришга мажбур бўлган.
Суд ҳужжатлари қонун устуворлигини таъминлашда асосий восита бўлиб, уларни бажариш ҳар бир шахс, ташкилот ва давлат органлари учун мажбурийдир. Бу Конституциямизда кафолатлаб қўйилган.
Суд ҳужжатлари ижро этилиши орқали адолат тикланади ва қонун устуворлиги таъминланиб, фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинади. Мисол фуқаролик ишлари бўйича Навоий вилоят судининг ижро варақаларига кўра, ундирувчи Д.К.ни ишга тиклаш, 139.423.357 сўм иш ҳақи ва 6.000.000 сўм маънавий зарар ундириш белгиланган.
Ижро ҳужжатлари Мажбурий ижро бюросининг Бухоро шаҳар бўлими иш юритувига келиб тушган ва ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарорлар қабул қилиниб, дарҳол ижро ҳаракатларига киришилган.
Ижро ҳаракатлари давомида собиқ ходим ижро ҳужжатида белгиланган тартибда Бухоро шаҳридаги таниқли университетга тьютор вазифасига ишга тикланган.
Бироқ, собиқ ходим фойдасига иш ҳақи ва маънавий зарар ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати ижроси пайсалга солинган.
Шундан сўнг, мажбурий ижро ҳаракатларига киришилиб, университет ҳисоб рақамига банд солиниб, мол-мулкларга ва автотранспорт воситаларига тақиқ ўрнатилган.
Шунингдек, ижро ҳаракатлари давомида автотранспорт воситаларига қидирув эълон қилиниб, университетга тегишли 5 та автомашина вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилган.
Шундан кейингина қарздор университет суд қарорини бажаришга мажбур бўлиб, ижро ҳужжатида белгиланган иш ҳақи ва маънавий зарар пулларни тўлиқ тўлаб берди. Ижро ҳужжати амалда тамомланди.
Ҳозирда мазкур тадбирлар давом этмоқда.