Шуманайда 90 ўринли янги боғча қурилмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Қорақалпоғистон Республикаси Шуманай туманидаги “Ақжап” овул фуқаролар йиғини ҳудудида давлат инвестиция дастури асосида 90 ўринли янги мактабгача таълим ташкилоти биноси қурилмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 5 миллиард 858,6 миллион сўмни ташкил этади.
Қурилиш ишлари “Perspektiva Montaj Nukus” масъулияти чекланган жамияти томонидан олиб борилмоқда. Айни пайтда объектда темир-бетон, ғишт териш ва сувоқ ишларининг асосий қисми якунланиб, том ёпиш, ички электрмонтаж ҳамда ташқи пардозлаш ишлари давом эттирилмоқда.
[gallery-30237]
Қурилишга 50 нафарга яқин ишчи ва бир нечта махсус техника жалб қилинган. Янги мактабгача таълим ташкилоти биносини Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги байрами арафасида фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Бу эса маҳалладаги 90 нафар боланинг мактабгача таълим билан қамраб олинишига хизмат қилади.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА