Ирригатор давлат мукофотига сазовор бўлди
Ҳар йили декабрь ойининг иккинчи якшанбаси юртимизда Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни сифатида нишонланади.
Ушбу сана муносабати билан жорий йилнинг 9 декабрь санасида Давлатимиз раҳбарининг “Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган юртдошларимиздан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармони эълон қилинди.
Мукофотланганлар рўйхатидан Сирдарёнинг Сайхунобод туманида 27 йилдан буён ирригация соҳасида фаолият юритаётган муҳандис Зоҳида Раҳмонованинг номи ҳам ўрин олди. Бу хабар туман аҳли ва бутун соҳа учун қувончли янгилик бўлди. У “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.

Зоҳиданинг меҳнат йўли деярли тўлиқ сув хўжалиги билан боғлиқ.
– Ҳар бир канал — бу мен учун фақат сув олиб ўтиш жойи эмас, балки фермер ва аҳоли ҳаётига таъсир қиладиган, дастурхонларни тўкин, рўзғорларни обод ва мамлакат фаровонлигига ижобий таъсир қилувчи муҳим тармоқ, яъни қишлоқ хўжалигининг қон томири ҳисобланади, – деди Зоҳида Раҳмонова.
27 йил мобайнида сув хўжалигида хизмат қилган Зоҳида 2024 йил 5 мартдан бошлаб, Қуйи-Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармасининг “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасасида бош муҳандис сифатида ишлаб, сув тақсимотидан тортиб таъмирлаш ишлари ва юқори ташкилотлар топшириқларигача бўлган барча вазифаларни аниқ ва тизимли равишда бажариб келмоқда.
– Ҳар куни эрталаб насосларни текшириш, каналларни кўздан кечириш — бу мен учун одатий иш, лекин бу ишларсиз ҳосил ва сув таъминоти барқарор бўлмайди, – дейди у.
Сув тобора танқислашаётган бугунги шароитда ирригатор меҳнати янада масъулиятлидир. Сувни тўғри тақсимлаш, исрофни камайтириш ва каналлар ҳолатини назорат қилиш учун куну-тун ҳаракат талаб этилади. Зоҳида Рахманова ана шу шароитда ўз фидойилиги билан ажралиб туради.
У тайёрлаган техник ҳужжатлар асосида 2021–2023 йилларда Сайхунобод туманидаги қатор каналлар — жами 10,65 километр масофада бетонлаштирилиб, реконструкция қилинди. Энг аҳамиятлиси шуки, бу ишлар давлат дастурларига киритилиб, 10,85 миллиард сўм маблағ ажратилди.
– Узоқ йиллик тажриба амалдаги ишларимда жуда ҳам қўл келмоқда. Чунки малака ва тажрибасиз бирор мақсадага эришиш асло мумкин эмас, – дейди Зоҳида.
Бугун янги каналлар сувни аъло даражада тежамоқда, натижада фермерлар ўз экинларини барқарор суғориш имконига эга бўлишди. 2024 йилда эса яна 6,8 километрлик сув тармоғи реконструкция дастурига киритилганди. Ҳозир бу борадаги ишлар жадал давом этмоқда.
Зоҳида Раҳмонова ҳаётда ҳам, ишда ҳам камтарин ва самимий инсон сифатида танилган. У тажрибасини ёшларга аямай ўргатади. Бугун унинг шогирдлари ирригация тизимининг турли бўғинларида самарали фаолият юритиб, сув тақсимотининг барқарорлигини таъминлашга ҳисса қўшмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири