Ироқ янги йирик нефть конини топди
Ироқ Саудия Арабистони чегарасида улкан нефть конини аниқлади. Бу топилма жаҳон энергетикасидаги мамлакат мавқеини сезиларли даражада мустаҳкамлаб, янги имкониятлар очиши кутилмоқда.
Ироқ сўнгги йиллардаги энг йирик нефть кони топилгани ҳақида маълум қилди, дея хабар бермоқда “Euronews” телеканали.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, битта қидирув блогининг ўзида 8,8 миллиард баррелдан ортиқ нефть мавжуд.
Қайд этилишича, Қурнаин блогида жойлашган кон тахминан 8800 квадрат километр майдонга эга бўлиб, уни қидириш ва ривожлантириш шартномаси 2024 йилда имзоланган. У ерда энди биринчи тасдиқланган нефть қайд этилди.
Ироқ нефть вазирлиги маълумотига кўра, “Shams-11” қидирув қудуғида дастлабки ишлаб чиқариш даражаси кунига 3248 баррелга баҳоланмоқда.
Қидирув ва сейсмик тадқиқот Хитойнинг “ZhenHua Oil” компанияси шўъба корхонаси “Qurnain Petroleum Limited” орқали олиб борилмоқда. Янгиликдан сўнг компания тезкор инвестиция режасини тақдим этди. Унда қидирув ишларидан тезроқ тижорий ишлаб чиқаришга ўтказиш кўзда тутилган.
Маълумот ўрнида, Ироқ дунёдаги энг йирик нефть ишлаб чиқарувчилардан бири бўлиб қолмоқда. АҚШ Энергетика маълумотлари бошқармасига кўра, мамлакат тасдиқланган захираси тахминан 145 миллиард баррел. Бу глобал нефть захирасининг тахминан 8 фоизига тенг.
Мутахассисларга кўра, Яқин Шарқдаги таъминот беқарорлиги ва Ҳурмуз бўғози орқали юк ташиш хавфини ҳисобга олса, янги кон Ироқнинг жаҳон энергетика бозоридаги мавқеини мустаҳкамлаши мумкин.
Г.Сатторова, ЎзА