Қирол саройидаги кўнгилсизликлар
Испаниядаги Қирол саройидан маълум қилишларича, қирол Филипп VI собиқ ҳукмдор, отаси Хуан Карлос I бундан буён қироллик хазинасидан маблағ билан таъминланмаслигини маълум қилди.
Испаниядаги Қирол саройидан маълум қилишларича, қирол Филипп VI собиқ ҳукмдор, отаси Хуан Карлос I бундан буён қироллик хазинасидан маблағ билан таъминланмаслигини маълум қилди. Шунга яраша, энди Филип VI ҳам отасининг меросига даъво қилмайди. Ушбу қарор мамлакатда юзага чиққан коррупция билан боғлиқ можаролар туфайли қабул қилинди. Бу ҳақда “El Pais” нашри хабар тарқатган.
Таъкидланишича, испаниялик монарх “Хуана Карлоснинг меросидан, шунингдек ҳар қандай активлар, инвестициялар ёки молиявий тузилмалардан воз кечган”.
Газетада ёзилишича, айни қарор Хуана Карлоса I нинг Швейцариядаги Панама жамғармаси ҳисоб рақамига Саудия Арабистонидан ўтказилган 100 миллион доллар маблағ билан боғлиқ иш бўйича тергов ҳаракатлари бошлангач чиқарилган. Айтишларича, бу “совға” собиқ қиролга Испаниядаги бир компания билан Макка ва Мадина шаҳарлари оралиғида ўта юқори тезликда ҳаракатланадиган поезд йўли қуриш бўйича келишувга эришилишида кўмаклашгани учун тақдим этилган. Матбуотда, шунингдек Филипп VI отаси томонидан ташкил этилган турли жамғармалардаги маблағлар бошқарувчиси бўлиши мумкинлиги ҳам таъкидланган.
Қироллик саройи эса, ўз навбатида Филипп VI мазкур жамғармаларга алоқадор эканини 2019 йил 5 мартгача билмаганини иддао қилган. Қирол бу воқеадан хабар топиши билан, яъни ўтган йилнинг апрель ойидаёқ, отаси уни жамғармаларига бенефициар этиб тайинлагани тўғрисидаги маълумотлар исботланган тақдирда, у нотариал тарзда бундай ҳуқуқдан воз кечиши ҳақида баёнот берган.
Сарой маъмуриятининг баёнотида, шунингдек Хуан Карлос I 2014 йил июнида тахтни топширгач, 2019 йил 27 майда “барча институционал ва расмий фаолиятни тўхтатгани, жамоатчилик ҳаётида иштирок этишдан бутунлай воз кечгани”ни эълон қилгани эслатиб ўтилган, деб ёзади “Okdiario” газетаси.
Эслатиб ўтамиз, Испаниянинг собиқ қироли Хуану Карлос 2014 йилда тахтдан тушган. 2019 йил августда унинг юрагида жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Қайд этилишича, операция режадагидек ўтган, 81 ёшли монарх муолажалардан сўнг ўзини яхши ҳис эта бошлаган.
2018 йил 12 июнда эса Испания Олий суди амалдаги қирол Филиппа Vнинг опаси - инфанта Кристинанинг турмуш ўртоғи Иньяки Урдангаринга нисбатан айблов хулосасини эълон қилди. Ҳукмга биноан, қиролнинг қариндоши 5 йил-у 10 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Маҳбусга “давлат мулкини талон-тарож қилиш, лавозим суистеъмоли билан боғлиқ жиноятлар, фирибгарлик, икки бор солиқ жинояти, таниш-билишлик алоқаларидан ноқонуний фойдаланиш” каби айблар қўйилган.