Иқтисодиётда давлат улуши қисқармоқда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 19 апрелдаги “Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 247 та корхонадаги давлат акция пакетлари ва 1028 та кўчмас мулк объектлари оммавий савдоларга чиқарилиши, шунингдек, 12 та йирик корхонадаги давлат улушларининг маҳаллий фонд бозорида бирламчи (IPO) ва (ёки) иккиламчи (SPO) оммавий таклифи ўтказилиши белгиланган.
Мазкур қарор мазмун-моҳиятини тадбиркорлар ва кенг жамоатчиликка тушунтириш, унинг тарғибот ишларини жадаллаштириш мақсадида ҳудудларда тадбирлар ўтказилмоқда.
Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан Навоий вилоятида хусусийлаштирилиши белгиланган давлат активлари, жумладан, корхоналардаги давлат улушлари, бўш турган давлат мулки объектлари ва сотилиши белгиланган ер участкалари тўғрисида маълумот берувчи навбатдаги “Roadshow” тақдимоти ўтказилди. Унда маҳаллий ҳокимликлар ҳамда вилоятдаги йирик корхоналар вакиллари, тадбиркор ва инвесторлар иштирок этди.

Тадбирда мамлакатимизда хусусийлаштириш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, яратилаётган қулайликлар ҳақида сўз борди.
Тадбирда таъкидланганидек, Давактив агентлиги Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан 2023 йил давомида жами 65 та давлат активлари аукцион савдоларига чиқарилган. Шундан 46 та давлат активлари 142,1 миллиард сўм қийматга бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилган. Бундан ташқари, тадбиркорлар ва фуқаролар учун 2254 та 628,3 гектар ер участкалари электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилган. 804 та 118,3 гектар ер участкалари 27,3 миллиард сўмга сотилган.

– Навоий вилоятида 2024 йилнинг ўтган даврида жами 37 та янги давлат активлари аукцион савдоларига чиқарилган бўлиб, 67 та давлат активлари 60,8 миллиард сўм қийматга сотилди, – дейди Давактив агентлигининг вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Нурали Атажонов. – Ҳозирги кунда умумий қиймати 105,5 миллиард сўм бўлган 69 та давлат активларининг савдоси давом этмоқда. Бугун тадбир иштирокчиларига 2024 йилги хусусийлаштириш дастурига мувофиқ, вилоятда оммавий савдоларда сотилиши белгиланган жами 17 та давлат ва давлат иштирокидаги хўжалик жамиятларининг активлари, шундан 58 та кўчмас мулк объектлари ҳақида маълумот берилди
Шунингдек, тадбир давомида қатнашчиларга “е-auksion” электрон савдо платформасидан фойдаланиш, савдо платформасида шахсий кабинет очиш, онлайн электрон имзо олиш ва савдоларда қатнашиш учун аризалар бериш тартиблари ҳам назарий, ҳам амалий тушунтирилди.
Куннинг иккинчи ярмида ОАВ вакиллари учун пресс-тур ташкил этилиб, ҳудудда хусусийлаштирилиши белгиланган давлат активлари жойига чиққан ҳолда ўрганилди.
А.Бўриев,
ЎзА