Иқтисодий ривожланишда янги имкониятлар
Янгийўл тумани ўзининг бой ресурслари ва стратегик жойлашуви билан, иқтисодий ривожланишда янги имкониятларга эга. Охирги пайтлар мавжуд бино ва ерлар инвесторларга топширилиши ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини янада тезлаштириш учун катта имкониятлар яратмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, жорий йил жами 100 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитларни ўзлаштириш белгиланган. Ҳозирда 21 та корхона ишга туширилди ва режага нисбатан 124 фоизга бажарилди. Ҳудуд бўйича Россия, Хитой, Туркия ва Жанубий Корея каби 53 давлатларнинг инвесторлари билан ҳамкорликда жами 120 та хорижий корхона фаолият юритмоқда.

Йил бошидан бери 66,7 миллион долларлик умумий 17 турдан ортиқ янги маҳсулотлар хорижга экспорт қилинди. Муҳими, бундай янги лойиҳалар туман иқтисодиётини ривожлантириш ва фаолиятини диверсификация қилиш имконини бермоқда. Шунингдек, янги объектлар қурилиши эса ижтимоий инфратузилмани яхшилаш, таълим, тиббиёт ва бошқа соҳаларда хизматларни яхшилашга ҳамда аҳоли учун янги имкониятлар яратиш, уларнинг фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Хусусан, Хитой Халқ Республикасининг “Zhejiang Shaoxing Super Collar Textile Co., Ltd” компанияси вакиллари текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқариш мақсадида ҳудуддаги “Байтиш” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 1,3 гектар ерга қизиқиш билдирган. Ушбу лойиҳа доирасида Янгийўл тумани ҳокими хитойлик тадбиркорлар билан биргаликда учрашув ўтказди. Томонлар ўзаро ҳамкорлик меморандумини имзолади. “Zhejiang Shaoxing Super Collar Textile Co., Ltd” компанияси 2025 йил биринчи чоракда қурилиш ишларини бошлаш ва иккинчи чоракда тўлиқ ишга туширишни маълум қилди.

Шу билан бирга, 200 та иш ўрни Янгийўл тумани учун яратилиши ва туман учун тўғридан-тўғри 13 миллион доллар инвестиция киритиш кўзда тутилмоқда. Ҳудудда бу каби лойиҳаларни янада кўпайтириш борасидаги саъй-ҳаракатлар давом этмоқда.
А.Мусаев,ЎзА.