Андижон вилоятининг туризм салоҳиятини оширишга қаратилган янги саёҳат дастурлари
Андижон вилоятига хорижий ва маҳаллий сайёҳларни кенг жалб қилиш, ҳудуднинг бой тарихи, маданий мероси, зиёрат туризми салоҳияти ҳамда бетакрор табиати билан яқиндан таништириш мақсадида бир кунлик ва икки кунлик махсус саёҳат дастурлари ишлаб чиқилди.
Мазкур туристик маршрут Андижон вилоятининг Пахтаобод ва Жалақудуқ туманлари, шунингдек Андижон ҳамда Хонобод шаҳарларида жойлашган зиёратгоҳлар, тарихий ва маданий музейлар, замонавий туризм объектлари ҳамда дам олиш масканларини қамраб олади.
Саёҳат давомида меҳмонлар миллий қадриятлар, урф-одатлар, ҳунармандчилик анъаналари ва маҳаллий гастрономия билан танишиш имкониятига эга бўлади. Шу билан бирга, туристлар учун табиат қўйнида ҳордиқ чиқариш, тарихий обидаларни зиёрат қилиш ҳамда ҳудуднинг маданий муҳитини ҳис этиш учун қулай шароитлар яратилган.
Ушбу бир кунлик ва икки кунлик саёҳат дастурлари орқали Андижон вилоятининг туризм салоҳиятини кенг тарғиб қилиш, ички ва ташқи туризм оқимини ошириш, шунингдек сайёҳларга унутилмас таассуротлар улашиш мақсад қилинган.
Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА