Иқтидорли ёшлар – мамлакат келажаги
Юртимиздан не-не улуғ алломалар етишиб чиққан. Уларнинг закоси илм-фан ривожига жуда катта ҳисса қўшган. Бежизга буни эсламадик.
Бугун мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган эътибор, таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар кун келиб албатта ўзининг ижобий самарасини беради. Бундай имкониятлардан унумли фойдаланаётган ёшларимиз кўп. Уларнинг эришаётган натижалари барчага ўрнак.
Шоҳруҳмирзо Худойқулов 2008 йил 12 июлда Қашқадарё вилояти маркази ҳисобланган Қарши шаҳрида туғилган. Болалагидан илмга чанқоқлиги, таълим соҳасида ёшларга яратилган имкониятлар ва бунда ота-онасининг ҳар томонлама кўмаги унга юқори натижаларга эришишига замин яратди.
Умумтаълим мактабида ўқир экан, қўшимча дарсларга ҳам қатнаб чуқурлаштирилган таълим олди. Бошланғич синфларда олган билимларининг натижасида Қарши шаҳридаги Президент мактабига кириш тестларидан муваффақиятли ўтиб, ўқишга қабул қилинди.
Президент мактабида ўқувчиларга берилаётган чуқурлаштирилган таълим билимларини янада мустаҳкамлашига хизмат қилди ва кетма-кет ютуқларга эриша бошлади. 14 ёшида IELTS имтиҳонларидан 7,5 баллни қўлга киритди. 15 ёшида халқаро SAT имтиҳонларидан ўтиб, юқори натижани қайд этди (1540 балл).
Маълумот ўрнида: SAT (Scholastic Assessment Test) CollegeBoard.org томонидан тузилган имтиҳон тури бўлиб, халқаро университетларнинг бакалавр босқичида ўқимоқчи бўлган халқаро ва маҳаллий абитуриентлардан талаб қилинади. Дунёнинг етакчи давлатлари, жумладан, АҚШ, Канада, Австралия, Сингапур, Осиё ва Европанинг бир неча давлатлари SAT сертификатини тан олади. Бундан ташқари, университетлар SAT натижаларидан келиб чиққан ҳолда, талабаларга қисман ёки тўлиқ стипендия (грант)лар таклиф қилади.
Шоҳруҳмирзо бугунги кунда ёш бўлишига қарамай IT соҳасида ҳам яхши натижаларга эришди. Хусусан, “Medipro” тиббиёт иловасини яратди. Шунингдек “Шанбалик” оммавий ҳашар лойиҳаси, “Billionaire mindset community” жамияти, “Sat preb club” лойиҳалари асосчиси саналади. “Yours science journal” 2024 дастурига қабул қилинган.
Айни пайтда Шоҳруҳмирзо Қарши шаҳридаги Президент мактабининг 9-синф ўқувчиси. Ўқиш билан биргаликда “Dreamzone” ўқув марказида SAT бўйича ўқувчиларга дарс беради.
– Келажакда малакали шифокор бўлишни мақсад қилганман, – дейди Шоҳруҳмирзо Худойқулов. – Ҳозир ҳар хил лойиҳалар ва дастурлар орқали халқаро университетлар қабулига ва Cambridge A-даража имтиҳонларига тайёргарлик кўряпман. Дунёнинг энг нуфузли тиббиёт олийгоҳларида таълим олиб, юртимиз тиббиёт соҳаси ривожига ҳисса қўшмоқчиман.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири