Ҳар бир ниҳолга – бир масъул
Фарғона вилоятидаги техникумларда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ўқувчиларнинг экологик маданиятини юксалтириш, уларда табиатга меҳр ва масъулият ҳиссини шакллантиришга қаратилган ўзига хос ташаббус йўлга қўйилди.
Ташаббусга кўра, таълим муассасалари ҳудудидаги мевали ва манзарали дарахтлар ўқувчиларга бириктирилиб, уларга масъул ёшларнинг исм-фамилияси ёзилган махсус ёрлиқлар ўрнатилмоқда.
Фарғона вилояти касбий таълим бошқармаси бошлиғи Т. Бойматов иштирокида таълим муассасаларида яшил ҳудудларни асраб-авайлаш, дарахтларни парваришлаш ва ободонлаштириш ишларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Эндиликда ҳар бир ўқувчи ўзига бириктирилган дарахтни парваришлашга масъул. Ёшлар дарахтларни ўз вақтида суғориш, атрофини тозалаш, тупроғини юмшатиш ва бошқа агротехник тадбирларни бажаришда бевосита иштирок этади.
— Менга гилос дарахти бириктирилди, - дейди Фурқат тумани техникуми ўқувчиси Мўминмирзо Абдусамадов. — Уни мунтазам суғориб, атрофини тоза сақлашга, яхши ўсиб, ҳосил бериши учун парваришлашга ҳаракат қиламан.
[gallery-32192]
Мазкур ташаббус таълим муассасалари ҳудудини янада кўкаламзорлаштириш билан бирга, ёшларда табиатга дахлдорлик, меҳнатсеварлик ва масъулият туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА