Ипак ва ипак маҳсулотларининг экспорт ҳажми ортмоқда
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 29 мартдаги “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Ўзбекистон бўйлаб пиллачилик соҳасини ривожлантириш борасида ижобий қадамлар ташланиб, тармоқда ўнгланиш ва ривожланиш бошланди.
Хусусан, жорий йилнинг дастлабки икки ойида Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси ва “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси томонидан 12 та хорижий давлатга қиймати 10,5 миллион АҚШ долларига тенг бўлган ипак ва ипак маҳсулотлари экспорт қилинди. Бу ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда 5 миллион АҚШ долларига ошган. Ипак ва ипак маҳсулотларининг энг кўпи Хитой, Вьетнам,Тожикистон, Эрон, Ҳиндистон, БАА, Корея ва Туркманистон каби давлатларга экспорт қилинган.

Мазкур экспорт ҳажмининг ошишида Фарғона ва Наманган вилоятларида етиштирилаётган ипак маҳсулотларининг ҳам ўрни бор. Айни кунларда мамлакатимизда баҳорги пилла мавсуми уюшқоқлик билан амалга оширилмоқда. Жумладан, Фарғона вилоятида жорий йилда 2 минг 233 тонна “кумуш тола” етиштирилиши кўзда тутилган. Ҳозирда вилоятда 39 минг 168 қути ипак қурти парвариш қилинмоқда.
Шунингдек, Наманган вилоятининг барча туманларида ипак қурти уруғларининг 95 фоиз қисми аҳолига тарқатиб берилди. Ипак қурти боқиш мавсумини қизғин ташкил этиш ишлари жадаллик билан кетмоқда. Вилоятда жорий мавсумда 89 минг иш ўрни яратилиб, ишсиз аҳолининг бандлиги таъминланиши, уларга даромад манбаи яратиш ишлари амалга оширилди.

Шу кунларда, мазкур вилоятда ҳам ишсиз аҳолини бандлигини босқичма-босқич таъминлаш ишлари олиб борилмоқда.
Гулноза Бобоева,ЎзА