Иордания қироли ҳам Трампга қарши
– Фаластинликларни сиқиб чиқармасдан Ғазони қайта қуриш ва оғир гуманитар вазиятни ўнглаш ҳамма учун устувор вазифа бўлиши керак, – дея таъкидлади Иордания қироли Абдуллa кеча Президент Дональд Трамп билан учрашув чоғида.
Америка етакчиси эса ўз навбатида АҚШ сектор назорат остига олинишини яна бир бор эслатди, деб ёзган BBC.
Бу икки миллион фаластинликни минтақадаги бошқа мамлакатлар, жумладан Иорданияга кўчириш таклифи эълон қилингандан кейинги илк олий даражадаги расмий учрашувдир.
Ҳафта бошида Трамп Иордания ва Миср фаластинликларни қабул қилишга рози бўлмаса, Ғазога ёрдам тўхтатилиши мумкинлигини даъво қилди. Қўшма Штатларнинг Яқин Шарқдаги асосий иттифоқчиси Иорданияда аллақачон миллионлаб ғазолик яшайди. Қирол Абдулла учрашувдан сўнг унинг мамлакати “фаластинликлар кўчирилишига қарши қатъий позицияда экани”ни билдирди.
Айни пайт Миср ҳам сектордан фаластинликлар олиб чиқилиши ғоясини кескин рад этган. Ушбу араб давлати Ташқи ишлар вазирлиги душанба куни берган баёнотда мамлакат “Фаластин халқи қонуний ҳуқуқига мос равишда ўз ерида яшашини кафолатлайдиган Ғазони қайта қуриш бўйича кенг қамровли” режани илгари сурмоқчи.
Мусулмон Зиё, ЎзА