Инже президент сайлови курашидан чекинди
Туркия президентлигига номзод, “Ватан” партияси етакчиси Муҳаррам Инже номзодини қайтариб олиши ва олий лавозим учун курашдан чиқишини маълум қилди. Унинг баёноти маҳаллий телеканаллар орқали намойиш қилинди.
“Мен ҳар бир хонадонни парламент сайловида “Ватан” партиясига овоз беришга чақираман. Президентлик сайловидан номзодимни қайтариб оламан”, деди у.
Бу қарорга Инже ўзига нисбатан турли иғволар уюштирилаётгани, айбловлар қўйилаётгани ва нотўғри, нохолис маълумотлар кўринишида ҳаддан ташқари босим ўтказилаётганини сабаб қилиб кўрсатди.
– 40 йилдан бери сиёсатдаман, лекин шу йиллар давомида ҳеч қачон сўнгги 45 кун ичидагидек воқеаларни бошимдан кечирмаганман, – деди у. – Қандайдир, қалбаки чеклар, сохта видеолар... суратим Исроилнинг баъзи ҳаёсиз сайтларида жойлаштирилди. На полиция, на прокуратура қизиқяпти бу ишлар билан. Бари туҳмат. Давлат обрў-эътиборимни ҳимоя қила олмади. Бутун сайлов олди кампанияси мобайнида обрўимни тўкиш мақсадида нишонга олиндим.
Туркияда президент сайловини уч номзод – амалдаги давлат раҳбари Режеп Таййип Эрдоған, Республика халқ партияси етакчиси Камол Қиличдорўғли ва “АТА” альянси вакили Синан Оган давом эттиришади.
Мамлакатда парламент ва президентлик сайлови 14 май куни бўлиб ўтади.