Инвестиция кодекси ишлаб чиқилади
Жорий йилнинг 6 ойида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 1,7 миллиард долларни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,5 мартага ошганлиги барчамизни қувонтиради.
Жорий йилнинг 6 ойида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 1,7 миллиард долларни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,5 мартага ошганлиги барчамизни қувонтиради.
Бироқ, бу борада келажакда амалга оширишимиз лозим бўлган вазифаларимиз жуда кўп. Жумладан, инвестиция билан боғлиқ жараёнларни тартибга солувчи қонунчиликни такомиллаштириш, инвестицион лойиҳалар ишлаб чиқиш, ер ажратиш ва бошқа шу кабилар билан боғлиқ ўта муҳим масалаларни ҳал этишни давр тақозо этмоқда.
ЎзЛиДеП сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси томонидан “Инвестиция кодексининг мамлакат инвестициявий жозибадорлигини оширишдаги аҳамияти” мавзусида ташкил этилган тадбирда бу ҳақда алоҳида таъкидланди.

Таҳлилларга кўра, соҳани тартибга солиш бўйича Ўзбекистон Республикасининг “Инвестиция фаолияти тўғрисида”ги, “Хорижий инвестициялар тўғрисида”ги, “Хорижий инвесторлар кафолатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар, шунингдек, 100 дан ортиқ қонун ва қонуности ҳужжатлардан фойдаланилади.
Тадбирда партия сайловолди дастури лойиҳасининг Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш йўналишида ҳам бу борада устувор вазифалар белгилаб олингани таъкидлаб ўтилди. Хусусан, партия қулай ишбилармонлик ва инвестициявий муҳитни яратиш, хусусий мулк ҳуқуқ ва кафолатларининг ишончли ҳимояланишини таъминлаш, тадбиркорлик ривожланиши йўлидаги барча тўсиқ ва чекловларни олиб ташлашнинг истиқболларига қаратилган аниқ вазифаларни қамраб олгани айтиб ўтилди.
Ўзбекистонга инвестиция киритиш жараёнида шунчалик кўп ҳужжатлар билан ишлаш, уларнинг ҳар бири билан алоҳида танишиб чиқиш, инвестиция ҳуқуқни қўллаш жараёнидаги мураккабликларнинг мавжудлиги инвесторларга маъқул келмаяпти. Шу билан бирга, соҳадаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ўзгарувчанлиги, қонунлардаги ҳаволаки нормаларнинг кўплиги инвестицион муҳитга салбий таъсир кўрсатиб, инвесторларнинг ишончсизлигига сабаб бўлмоқда.

Шундан келиб чиққан ҳолда, инвестиция соҳасидаги муаммоларни бартараф этиш, қулай инвестицион муҳит яратиш орқали ялпи ички маҳсулот ҳажмини ошириш, янги иш ўринларини яратиш мақсадида инвестиция жараёни билан боғлиқ амалдаги қонун ва қонуности ҳужжатларни унификация қилиш орқали янги Инвестиция кодексини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ҳозирги куннинг долзарб вазифаси ҳисобланади.
Шу мақсадда партия миллий қонунчилигимиз ва халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда маҳаллий тадбиркорлар ва инвесторлар учун тушунарли бўлган ягона Инвестиция кодексини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ғоясини илгари сурмоқда. Зеро, Инвестиция кодекси – Ўзбекистонда инвестиция жараёнини тизимли тартибга солувчи ягона, мукаммал ва инвесторларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган ҳужжат бўлиши лозим.
Кодексда давлат инвестиция сиёсатининг муҳим устувор йўналишларини аниқ белгилаш, инвестиция киритиш жараёнида инвесторларга ер участкалари, бўш бинолар ажратиш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиши билан боғлиқ масалаларни аниқлаштириш, инвесторларга Ўзбекистонда яшаш ҳуқуқини бериш билан боғлиқ масалаларни акс эттириш, махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналари мақомини аниқ белгилаш, валюта операцияларидаги устуворлик ва эркинликларни кўзда тутиш, инвестиция киритганлик учун имтиёзларни қўллаш қоидаларини аниқ белгилаш каби муҳим йўналишлар назарда тутилмоқда.
Шу билан бирга инвестиция лойиҳаларини жойлаштиришда ҳудудларнинг салоҳиятини, хом-ашё, меҳнат ресурсларини ҳисобга олган ҳолда тақсимлаш тамойилига қатъий риоя этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Тадбир давомида шу ва бошқа масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, ишлаб чиқилаётган Инвестиция кодексига зарур таклиф ва тавсиялар берилди.