Инвестициялар, саноат ва савдо вазирига парламент сўрови юборилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида бир қатор масалалар муҳокама қилинди. Жумладан, йиғилишда Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Л.Қудратовга “Ҳудудларда чет эл инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш жараёнларини мониторинг қилиш, инвестициявий самарадорликни баҳолаш ва инвесторлар билан ишлаш механизмларини такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида” парламент сўрови юбориш ҳақидаги масала кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда инвестиция муҳитини яхшилаш, иқтисодиёт тармоқларига ва ҳудудларга тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни кенгроқ жалб этиш, инвесторларнинг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
«Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида»ги қонун билан маҳаллий ва чет эллик инвесторларнинг инвестиция фаолиятини амалга оширишига, уларнинг ҳуқуқларини кафолатлашга, инвестицияларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга доир муҳим нормалар, шунингдек, инвестиция шартномаларини тузишнинг ягона ҳуқуқий асослари белгиланди.
Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида мамлакат иқтисодиётига жалб этилаётган инвестициялар ҳажми сезиларли даражада ошди. Жумладан, 2017-2025 йилларда 156,3 млрд доллар миқдоридаги хорижий инвестициялар ўзлаштирилган, инвестицияларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 30 фоиздан ошди. 2026 йилда хорижий инвестициялар ҳажмини 1,6 бараварга ошириб, қарийб 53 млрд долларга етказиш, шунингдек, умумий қиймати 17,9 млрд доллар бўлган 303 та йирик инвестиция лойиҳасини ишга тушириш режалаштирилган.
Айни пайтда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва мониторинг қилиш жараёнларини рақамлаштириш бўйича чоралар кўрилаётган бўлса-да, ушбу механизмларнинг ҳудудларда лойиҳаларни амалга ошириш муддатларига, инвесторлар дуч келаётган муаммоларни тезкор аниқлаш ва ҳал этишга қай даражада таъсир кўрсатаётганлигини баҳолаш муҳим аҳамият касб этади.
Хусусан, 2025 йилда турли ташкилий муаммолар туфайли 50 дан ортиқ йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши кечиккан. Бу каби ҳолатлар лойиҳаларни кузатиб бориш ва идоралараро мувофиқлаштириш механизмларининг амалдаги самарадорлигига алоҳида эътибор қаратиш заруриятини кўрсатмоқда.
Соҳадаги масалалардан келиб чиқиб, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирига ҳудудларда хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳалар ижросини мониторинг қилишда қўлланилаётган рақамли воситалар ҳамда уларнинг лойиҳалар ижросидаги муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш самарадорлиги, махсус иқтисодий зоналарни инвестиция, ишлаб чиқариш ва экспортнинг янада самарали марказларига айлантириш учун уларнинг ҳуқуқий асосларига ва бошқарув моделига киритилиши талаб этилаётган институционал ўзгаришлар ҳамда бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида тушунтириш бериш бўйича парламент сўровини юбориш режалаштирилган.
Фракция йиғилишида кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА