МИБ фуқарога 257 миллион сўмдан ортиқ иш ҳақини ундириб берди
Пахтаободда бир неча ой давомида ҳалол меҳнати учун иш ҳақини ололмаган фуқаронинг ҳуқуқлари Мажбурий ижро бюроси (МИБ) томонидан тикланди.
Фуқаролик ишлари бўйича Избоскан туманлараро судининг 2025 йил 20 ноябрдаги ижро варақасига асосан, Пахтаобод туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимидан фуқаро Я.З. фойдасига 257 миллион 386 минг сўм миқдорида иш ҳақи ундирилиши белгиланган эди.
Мажбурий ижро бюроси Пахтаобод туман бўлими қарздор ташкилотни қонунда белгиланган талабларни ихтиёрий равишда бажариши ҳақида огоҳлантирган. Бироқ, қарздорлик белгиланган муддатда тўлаб берилмади.
Шундан сўнг, Бюро ходимлари томонидан мажбурий ижро чоралари қўлланилди. Натижада фуқаронинг ойлаб кутган 257 миллион 386 минг сўмлик меҳнат ҳақи тўлиқ ундириб берилди.
Шу тариқа, фуқаронинг бузилган меҳнат ҳуқуқлари қайта тикланиб, суд ҳужжатининг ижроси амалда таъминланди.