Интернат муассасаларидаги шароитлар ўрганилади
Тошкент вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасида “Тошкент вилоятидаги интернат муассасаларида яшовчи болалар тўғрисида маълумотларни хариталаш ва йиғиш” мавзусида тадқиқот ўтказиш бўйича техник ишчи гуруҳнинг (ТИГ) йиғилиши ўтказилди.
Унда Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов, Олий Мажлис Сенатининг ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Дилором Тошмуҳаммедова, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ЮНИСЕФ Болалар жамғармаси бошлиғининг ўринбосари Джоффри Ижумба, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова ҳамда соҳа масъуллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, бола ҳуқуқлари, ижтимоий ҳимоясини таъминлаш бўйича қабул қилинган қонун ва қонуности ҳужжатлар ижросини таъминлаш борасида Тошкент вилоятида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, вилоятдаги 2 та Меҳрибонлик уйида жами 189 нафар бола тарбияланмоқда.
Мазкур муассасаларда тарбияланаётган болаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларнинг таълим олишлари, санъат, спорт, ахборот технологиялари, китобхонликка бўлган қизиқишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Бўка тумани ва Чирчиқ шаҳридаги меҳрибонлик уйларида “Street workout” майдончаси, Чирчиқ шаҳридаги меҳрибонлик уйида 1 та “Streetbol”, гольф, 1 та сунъий қопламали минифутбол майдончаси барпо этилган.
IT (ахборот технологиялари) йўналишида жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида меҳрибонлик уйларига 125 миллион сўмлик компьютер жамланмалари ажратилган. Китобхонлик йўналишида йил бошидан ҳозирга қадар Меҳрибонлик уйларига 67 миллион сўмлик 2 минг донадан ортиқ бадиий адабиётлар етказиб берилган. Шу билан бирга, китобхонлик йўналишида 10 дан ортиқ тўгараклар ташкил этилган. Амалга оширилган ишлар натижасида сўнгги 3 йил давомида етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг 7 нафари халқаро спорт мусобақаларда, 13 нафари республика мусобақаларида ғолиб бўлди.
Zoom платформаси асосида ташкил этилган йиғилишда Ўзбекистонда болаларни парвариш қилиш тизимини ислоҳ қилиш йўллари, ҳар бир боланинг оилавий муҳитда ўсишини таъминлашнинг аҳамияти тўғрисида тақдимотлар намойиш этилди.
Иштирокчилар томонидан берилган саволларга халқаро ташкилот вакиллари ҳамда соҳа масъуллари томонидан жавоб берилди.




А.Мусаев, ЎзА