Интерактив усулларда таълим-тарбия мазмунли ўтади
Болаларнинг беғубор кулгусидан гўзалроқ қувонч йўқ дунёда. Ўғил-қизлар чеҳрасидаги табассум боис бутун олам наздимизда мунаввар кўринади.
Болаларнинг беғубор кулгусидан гўзалроқ қувонч йўқ дунёда. Ўғил-қизлар чеҳрасидаги табассум боис бутун олам наздимизда мунаввар кўринади.
Афсуски, бугунги кунда Ер юзининг барча ҳудудларида ҳам болалар тақдирига бўлган эътибор талаб даражасида деб бўлмайди. Ҳанузгача болалар ҳуқуқлари поймол этилмоқда, уларнинг мурғак жисму жонлари азобда. ЮНИСЕФ маълумотига кўра, ҳозир кўплаб болалар жисмоний ва руҳий тазйиқ одатга айланган оилаларда истиқомат қилишади. Бундан ташқари, ҳар ўнинчи бола катталарнинг бешафқат ҳаракатлари қурбонига айланмоқда.
Бошқа турдаги зўравонликлар ҳам болалар учун ёт эмас. Айрим давлатларда ёш авлод вакиллари учун мактаб эшиклари умуман ёпиқлиги, 1 миллиарддан ортиқ одамларнинг саводсизлиги, уларнинг аксариятини эса болалар ташкил этаётгани бунинг исботидир. Ҳатто айрим ривожланаётган мамлакатларда мактабга жалб этилган болаларнинг 60 фоизи турмуш қийинчиликлари туфайли ўқишдан кетишга мажбур бўлаётгани, ҳар йили сайёрамиз бўйлаб 20 миллион гўдакнинг турли хасталиклардан нобуд бўлаётгани эса вазиятнинг нақадар аянчли эканини кўрсатиб турибди.

Минг шукурки, бугун фарзандларимиз тинч-осуда мамлакатда улғайишмоқда, таълим-тарбия олмоқда. Ўзбекистонда таълим-тарбия масаласи ҳукуматнинг алоҳида эътиборида бўлиб, мактаб иши давлат назоратидадир. Бундай шарт-шароитда ўқиб ўрганаётган ўғил-қизларимиз ҳақли равишда мамлакатимизнинг эртанги порлоқ келажагига мустаҳкам пойдевор бўлиб етишадилар.
Бугунги кунда педогоглар зиммасида яна бир муҳим вазифа – ёшларга яратилаётган шарт-шароитлардан унумли фойдаланишга ўргатиш, улар қалбида Ватанга муҳаббат, меҳр-шафқат, дўст-биродарлик, аҳиллик туйғуларни мустаҳкамлаш каби масъулиятлар ҳам бор.
Ана шундай таълим-тарбия кичик ёшдаги мактаб ўқувчиларига нафақат назарий билимлар орқали, балки кўргазмали воситалар ҳамда амалий тадбирлар ёрдамида сингдирилаётгани қувонарлидир. Ўқувчиларга таълим-тарбия беришда шундай инновацион ёндашувни пойтахтимизнинг Сергели туманидаги 47-мактаб фаолияти мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Хусусан, мактабнинг 3-“А” ва 3-“Г”ҳамда 1-“Г” синфлари ҳамкорликда ўтказган очиқ дарс “Бутун дунё болалари дўстдир” мавзусида ташкил этилгани фикримизни исботлайди.
Дарс машғулотларини олиб борган И.Василенко, Н.Сагидина, А.Гайбуллаева мамлакатимизда ўқувчиларнинг таълим-тарбия олишларида яратилаётган шарт-шароитлар, кенг имкониятлар ҳақида гапириб берди. Кўп миллатли Ўзбекистонда барча болалар учун тенг имкониятлар яратилгани аниқ мисолларда тушунтирилди.
Турли кўргазмали воситалар, интерфаол ўйинлар, саҳна кўринишлари ёрдамида ўқувчиларнинг ўрганган билими синовдан ўтказилди. Бу жараёнда уларнинг иқтидорларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
– Ўқувчиларга таълим-тарбия беришда очиқ дарслардан тез-тез фойдаланамиз, – дейди бошланғич синф ўқитувчиси И.Василенко. – Чунки бундай ёндашувлар ўқувчиларда билим олишда қизиқиш уйғотиш билан бирга, ҳозирданоқ ўзлари устида ишлашга ўргатади. Бир бирлари билан дўстона муносабатлари мустаҳкамланади.
Ўқувчилар томонидан тайёрланган саҳна кўринишлари барчага манзур бўлди. Жажжи болакайларни ота-оналар, ўқитувчилар кузатиб борди. Очиқ дарс якунида мавзу қизиқарли ва интерактив усулларга бой тарзда очиб берилгани эътироф этилди.