"INTER GRAIN" маҳсулотлари тўлиқ экспортга йўналтирилмоқда
Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Акмалжон Маҳмудалиев ижтимоий-иқтисодий соҳаларда ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Янгиер шаҳрига борди.
Вилоят раҳбари “Янгиер” кичик саноат зонасидаги "INTER GRAIN" МЧЖ ХК томонидан амалга оширилган умумий қиймати 8 миллион АҚШ долларлик ун маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасини кўздан кечирди. Корхонага ташриф буюрганлар буғдойни тозалаш, уни қандай қилиб сифатли ун маҳсулотига айлантиришгача бўлган жараённи кузатди.

Хом ашё захираси ҳақида гап кетганда, корхона таъсисчиси Ҳаджи Хайруддин омборхонада сақланаётган буғдой захирасини кўрсатиб корхонани тўла қувват билан ишлашига қатъий ишонч билдирди. Таъкидланишича, иш электрон бошқарув асосида ташкил этилган. Яъни цехдаги иш компьютерларда тақсимланади, кузатилади, йўналтирилади.

Корхонадаги жиҳозлар Туркияда ишлаб чиқарилган энг замонавий технологиялардир. Улар асосида бир кеча-кундузда 450 тонна, йилига 135 минг тонна ун маҳсулоти ишлаб чиқарилиб, у 100 фоиз экспортга йўналтирилмоқда. Корхонада айни кунларда 150 киши иш билан таъминланган.
Ш.Суяров, Ш.Ортиқбоев (сурат), ЎзА