Интеллектуал мулкнинг ҳуқуқий муҳофазаси мустаҳкамланади
Парламент қуйи палатаси мажлисида дастлаб интеллектуал мулк объектларининг фуқаролик муомаласидаги айланмасини ошириш ва патент вакилларининг ҳуқуқларини кенгайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.
– Мазкур қонун лойиҳаси билан интеллектуал мулк объектларига бўлган мулкий ҳуқуқлар гарови билан боғлиқ муносабатлар аниқ тартибга солиниб, бундай ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикасининг 7 та қонуни ҳамда 4 та кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда, – деди депутат Б.Тўхтамуродов. – Жумладан, ҳужжат билан патент вакилларининг интеллектуал мулк объектларига оид шартномаларни расмийлаштириш ва вакиллик қилиш бўйича ваколатлари кенгайтирилмоқда. Ушбу нормаларнинг қонунчиликда мустаҳкамланиши интеллектуал мулк объектларини рўйхатдан ўтказиш жараёнини янада қулай ва тезкор қилиш, ортиқча маъмурий тартиб-таомилларни қисқартиришга хизмат қилади.
Интеллектуал мулкка бўлган мулкий ҳуқуқлардан гаров сифатида фойдаланиш имконияти кенгайтирилмоқда. Бу эса ихтиро, товар белгиси ва бошқа интеллектуал актив эгаларига уларнинг иқтисодий қийматидан амалда фойдаланиш, молиявий ресурсларни жалб этиш ва ўз фаолиятини ривожлантириш учун қўшимча имконият яратади.
Лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида нормаларнинг ўзаро мувофиқлигини таъминлаш ҳамда қонунчилик техникаси талабларига мослаштириш мақсадида таҳририй ва техник тўлдиришлар амалга оширилди. Депутатларнинг таклиф ва мулоҳазалари асосида лойиҳа янада такомиллаштирилди, – деди депутат.
Муҳокамаларда таъкидланганидек, қонун лойиҳасидаги нормалар интеллектуал мулк объектларининг ҳуқуқий муҳофазасини таъминлаш билан бирга, уларни иқтисодий актив сифатида фуқаролик муомаласига кенг жалб этиш, бозор қийматини шакллантириш ҳамда самарали тижоратлаштириш механизмларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА