Инсулин ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилади
Тиббиёт ютуқлари
Тиббиёт соҳасида хорижий давлатлар билан кенг ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда. Россиянинг “ГЕРОФАРМ” ва мамлакатимизнинг “ZUMA PHARMA” компаниялари ўртасида тузилган юртимизда аналог ва инсон инсулинини ишлаб чиқариш технологиясини жорий қилиш тўғрисидаги Битим беморлар ҳаётини сақлаб қолишда муҳим аҳамиятга эга.
Шунингдек, мазкур ҳамкорлик дори воситаларини кооперация асосида ишлаб чиқариш импорт мустақиллигига эришиш ва янги иш ўринларини яратиш имконини беради.
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, ушбу ҳужжат доирасида Россия компанияси инсулин аналоглари – гларгин, лиспро ва икки фазали лиспронинг биосимилярларини шприц қаламлари ва картридж шаклида ишлаб чиқариш технологиясини ўзбекистонлик ҳамкорларига етказиб беради. Бундан ташқари, қисқа ва ўрта таъсирли инсон инсулинлари ҳамда икки фазали комбинацияланган препаратни маҳаллийлаштириш режалаштирилган.
Шу мақсадда 2023 йил давомида Ўзбекистоннинг “ZUMA PHARMA” компаниясида ишлаб чиқаришни техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш ишлари амалга оширилади ва технологиялар етказилиб ўрнатилиши, трансфери йўлга қўйилади.
Россиянинг “ГЕРОФАРМ” компанияси Ўзбекистон компаниясига биосимилар ишлаб чикариш технологиясининг қуйиш, қадоқлаш ва сифатни назорат қилиш босқичларини тақдим этади. Шу билан бирга, ушбу ҳамкор корхона қўшма маҳсулот ишлаб чиқаришда керак бўладиган фаол фармацевтик ингредиентларни, бир марталик шприц қаламини йиғиш учун зарур компонентларни, шунингдек, қайта ишлатиладиган шприц қаламларини етказиб беришни давом эттиради.
Моҳигул Қосимова, ЎзА