Инсонпарварлик ташаббуслари илгари сурилди
Гулистон шаҳри ҳокимлиги катта мажлислар залида Ўзбекистон Халқ демократик партияси марказий кенгаши раиси Улуғбек Иноятовнинг сирдарёлик сайловчилар билан учрашуви ўтказилди.
Йиғилишда жойлардаги партия фаоллари, фахрийлар, хотин-қизлар ва ёшларнинг вакиллари жам бўлди.


– Ҳаётда нималар бўлмайди, дейсиз!? – дея тадбир таассуротларини ўртоқлашди Ўзбекистон ХДП Сардоба туман кенгаши раиси Суюн Намозов. – Айтайлик, бир неча ўн йиллар юқори маошли, айни пайтда ўта оғир кон ишларида ишлаб, энди нафақага чиққан киши фавқулодда вафот этди. Нафақа учун ҳар ой маошидан ушлаб қолинган катта миқдордаги маблағ унга берилмай қолиб кетади. Бизнинг партия ана шу нафақани унинг турмуш ўртоғига, агар унинг пенсияси миқдори кам бўлса, алмаштириб бериш ташаббусини илгари сурмоқда. Бу ҳам адолатли, ҳам инсонпарвар ҳаракатдир. Партиямизнинг 10 йўналиш, 15 та қадамдан иборат сайловолди дастуридан бунақа мисолларни исталганча келтириш мумкин.


Сайловолди учрашувида, шунингдек, Ўзбекистон ХДП Сирдарё вилояти кенгаши раиси Шерали Мамадецоев, Ўзбекистон Қаҳрамони, партия фахрийси Мирзааҳмад Шоимов, Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод, Гулистондаги Президент мактаби директори ўринбосари Шаҳло Намозова ва бошқаларнинг чиқишларида ижтимоий давлатчиликнинг барқарор бўлишида партиянинг ўрни беқиёс эканлиги ёрқин мисоллар асосида қайд этилди.
Ғулом Примов,
ЎзА мухбири