“Инсонни дард эмас, ваҳима енгади"
Дунё бўйлаб тарқалган коронавирус пандемияси тиббиёт соҳаси ва шифокорларнинг инсоният ҳаётидаги ўрни ҳамда аҳамияти нақадар муҳим эканлигини ҳар қачонгидан ҳам яққол намоён этди.
Дунё бўйлаб тарқалган коронавирус пандемияси тиббиёт соҳаси ва шифокорларнинг инсоният ҳаётидаги ўрни ҳамда аҳамияти нақадар муҳим эканлигини ҳар қачонгидан ҳам яққол намоён этди. Бугун улар ўз ҳаётини хатарга қўйиб бўлса-да, ҳар куни, ҳар соатда минглаб, миллионлаб одамлар соғлиғини тиклаш, ҳаётини асраб қолиш учун курашмоқда.
"Халқ сўзи" газетасида эълон қилинган "Тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар аҳолининг ҳаётдан розилигига хизмат қилсин" сарлавҳали материал ана шундай мулоҳазалар билан бошланган. Мақолада ёзилишича, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруғига мувофиқ хусусий тиббиёт ташкилотларининг коронавирусга чалинган беморларни даволаш билан боғлиқ фаолияти бўйича қатъий чоралар кўриш, шу жумладан, уларнинг лицензияларини бекор қилиш юзасидан судларга даъво аризалари киритилишининг белгиланиши ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Маълум қилинишича, тез тиббий ёрдам машинаси келмагани, тақдим этилган телефон рақамлари эса жавоб бермагани боис, яъни оғир аҳволдаги беморларга зудлик билан ёрдам кўрсатиш зарур бўлгани учун улар хусусий клиникаларга олиб борилган ва у ерда уларнинг мушкули осон бўлган. Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларининг фикрича, энди тажриба орттирилиб, янги даволаш стандартлари қабул қилиниб, вазият анча енгиллашганда, айбнинг хусусий клиникаларга ағдарилиши қанчалик тўғри бўлади? Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган давра суҳбатида бу масалага алоҳида эътибор қаратилди...
"Янги Ўзбекистон" газетасида эса шу мавзуда “Инсонни дард эмас, ваҳима енгади" сарлавҳали мақола чоп этилган. Унда қайд этилишича, Андижон давлат тиббиёт институти доценти, тиббиёт фанлари номзоди Дилмуроджон Қаландаров шифокор сифатида коронавирус хавфини ҳаммамиздан теранроқ англаган. Бу борада жаҳон тажрибаларини ўрганиш билан бирга, беморларда кечаётган ҳолатларни ҳам чуқур таҳлил қилиб борган. Шу боис, у ҳар қандай вазиятга тайёр эди. Шундай бўлса-да, жорий йилнинг 29 март куни уни айнан коронавирус билан касалланган беморларни даволаш жараёнига жалб қилганларида, очиғи, бироз саросимага тушиб қолди. Чунки у сизу биз каби оддий инсон. Бир лаҳзада 80 ёшни қоралаган ота-онаси, эндигина вояга етган фарзандлари кўз олдига келди. Оилада ёлғиз боқувчи бўлгани боис, мабодо ўзи вирус юқтириб олса, оқибати нима бўлишидан чўчиди. Бироқ ҳозир буни ўйлаб ўтирадиган пайт эмас. Шу касбни танладими, демак, ишончни оқлайдиган вақт келди... Хуллас, Дилмуроджон қисқа муддат ичида 96 нафар беморни даволаш жараёнида иштирок этди. Уларнинг 30 нафарида COVID-19 аломати аниқланган. Айниқса, 6 нафар беморнинг ҳолати оғир бўлиб, ҳар сонияда салбий ёки ижобий натижани кутиш мумкин эди. Шифокорлар, ҳамширалар кунни-тунга, тунни-тонгга уладилар. Ҳар бир бемор ҳаётини асраб қолиш учун бор кучини аямадилар. Натижада 11-12 кун деганда беморлар соғлиғи тиклана бошлади...
"Мактабда бор-йўғи икки марта (кичкина синфларда) калтак еганман ва иккала ҳолатни ҳам ҳозиргача унутганим йўқ, – деб ёзади Дониёр Рўзметов "Жамият" газетасида босилган "Калтак келажак кушандаси" сарлавҳали мақоласида. – Биринчи ҳолатда мени уриш шундоғам шарт эмас эди, чунки айбимни тушуниб етиб, афсусланиб бўлган эдим. Агар мақсад менга шу ишни бошқа қилдирмаслик бўлган бўлса, мен у ишни бошқа қилмаслик кераклигини аллақачон тушуниб бўлган эдим. Иккинчи ҳолатда ёнимдаги ўқувчи билан тўполон қилиб ўтирган эдим. Тўғрироғи, тўполончироқ ўқувчи мени чалғитганига берилиб, бирга ўйнаб ўтирган эдим. Бир маҳал қаердандир бир шапалоқ келиб юзимга тегди ва кўзларимдан ўт чақнаб кетди. Дастлаб, нима бўлганини ҳам англай олмадим. Кейин менга қараб ўшқираётган ўқитувчини кўргач, гап нимадалигини тушундим..." Муаллиф мулоҳазалари билан ўртоқлашар экан, "бизларга калтакдан қўрқадиган қўрқоқ ўқувчилар эмас, балки ўқишга, ўрганишга иштиёқи баланд тўқувчилар керак" деб сўзини хулосалайди... Шунингдек, газета саҳифаларидан "Нарх ошармиш"," Асаб бузаётган рекламалар", "Хусусий тиббиёт муассасалари “ўгай”ми?" сарлавҳали материаллар ҳам ўрин олган...
"Kuch – adolatda" газетасида чоп этилган "Тубанлик ботқоғи икки оилани пароканда қилди" номли мақолада келтирилишича, инсон танидаги доғни ювиб ташлаш мумкин. Ҳатто яра-чақаларни ҳам бир қадар жўн муолажалар кўмагида бемалол бартараф этса бўлади. Аммо юракка тушган ярага малҳам қўйиш мушкулдир. Башарти, қалбни яра эмас, қон доғлари қоплаган бўлса-чи?! Таассуфки, бунинг давоси йўқ. Бинобарин, қалб яраси ҳам, ундаги қон доғлари ҳам ўз-ўзидан пайдо бўлмайди...
Худбинлик, жоҳиллик, руҳий ва ахлоқий тубанлик, ақлу идрок заифлиги, ўз-ўзини идора эта олмаслик сингари қусурлар эса босиқ-вазминликни сусайтиради, ғавғо-жанжал, таҳдид ва зўравонликка йўл очади ва бунинг оқибати эса, аксарият ҳолларда фожиа билан якун топади...
* * *
Янги рукн ва бугунги шарҳ ҳақидаги фикр, таклиф ва истакларингизни pochta@uza.uz манзилида кутиб қоламиз.