Янги бизнес учун олти ойлик бепул хизмат
Ўзбекистонда солиқ маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш, тадбиркорлар учун қулай муҳит яратиш ҳамда давлат хизматлари сифатини ошириш борасида яна бир муҳим қадам ташланди. Президентимизнинг жорий йилнинг 19 майдаги “Солиқ органлари фаолиятини институционал жиҳатдан такомиллаштириш ва солиқ маъмуриятчилигида замонавий ёндашувларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Мазкур ҳужжат солиқ тизимини фақат назорат қилувчи механизм эмас, балки тадбиркор ва фуқароларга хизмат кўрсатувчи замонавий институт сифатида шакллантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Фармонда 2030 йилга қадар Жаҳон банкининг “Business ready” рейтингида солиқ йўналиши бўйича биринчи даражага чиқиш устувор вазифа сифатида белгиланди. Бу эса Ўзбекистонда бизнес юритиш муҳити янада яхшиланиши, ортиқча бюрократик тўсиқлар қисқариши ва инвесторлар учун қулай шароит яратилишини англатади.
Солиқ тизимининг шаффоф ва рақамлашган бўлиши иқтисодиётга инвестиция жалб қилишда муҳим омил ҳисобланади. Чунки, тадбиркор учун энг асосий масалалардан бири — барқарор ва тушунарли солиқ сиёсати мавжудлигидир.
2026 йил 1 июлдан бошлаб амалга киритиладиган бир қатор янгиликлар солиқ тўловчилар учун ортиқча қоғозбозликни камайтиришга хизмат қилади. Жумладан, текширувдан олдинги таҳлил жараёнида аниқланган тафовутлар бўйича аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи ёки қўшимча асословчи ҳужжатларни тақдим этиш мажбурияти бекор қилиниши тадбиркорлар учун муҳим енгиллик бўлади.
Бу ўзгариш орқали солиқ органлари ва тадбиркор ўртасидаги муносабатларда ишонч муҳитини кучайтириш, тадбиркорни ортиқча ҳужжатбозликдан халос этиш мақсад қилинган.
Шунингдек, хавф даражаси ўрта бўлган солиқ тўловчилар учун огоҳлантириш тизими жорий этилади. Энди аниқланган камчиликлар ҳақида аввалдан хабар берилади ва улар бир ой ичида бартараф этилса, солиқ текшируви ўтказилмайди.
Бу амалиёт жазолашдан кўра профилактикага устувор аҳамият берилаётганини кўрсатади. Яъни, давлат тадбиркорни жазолаш эмас, унинг хатосини тўғрилашга кўмаклашиш йўлини танламоқда.
Фармонда янги ташкил этилган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Эндиликда янги бизнес субъектлари ўз хоҳишига кўра дастлабки 6 ой мобайнида солиқ ва молиявий ҳисоботларни юбориш хизматидан бепул фойдаланиши мумкин бўлади. Бу хизмат “Soliq-servis” АЖ томонидан амалга оширилади.
Мазкур янгилик айниқса, фаолиятини энди бошлаган кичик бизнес ва ёш тадбиркорлар учун муҳим қўллаб-қувватлов механизми бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда. Чунки кўп ҳолатларда янги бизнес вакиллари ҳисобот топшириш жараёнида мураккабликларга дуч келади. 2026 йил 1 августдан солиқ органларининг мижозларга йўналтирилганлик индекси жорий этилиши эса тизимдаги энг муҳим янгиликлардан бири сифатида баҳоланмоқда.
Энди солиқ тўловчилар солиқ хизматларидан фойдаланиш имконияти, хизмат кўрсатиш сифати, мурожаатларга муносабат ва солиқ мажбуриятларини бажариш учун сарфланаётган вақтни баҳолай олади.
Бу эса давлат хизматларини “идора учун эмас, инсон учун” тамойили асосида ташкил этишга хизмат қилади. Қолаверса, мазкур тизим солиқ органлари ўртасида соғлом рақобат муҳитини ҳам шакллантириши мумкин.
Мазкур фармоннинг амалиётга тўлиқ жорий этилиши солиқ тизимида очиқлик ва шаффофликни кучайтиради. Тадбиркорларнинг вақт ва харажатларини қисқартиради. Коррупциявий омилларни камайтиради. Давлат ва бизнес ўртасидаги ишончни мустаҳкамлайди. Рақамли давлат хизматлари сифатини янги босқичга олиб чиқади.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА