Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш тизими доимий назоратда
Бугунги кунда мамлакатимизда аҳоли фаровонлигини таъминлашда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини янада қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш устувор вазифага айланган. Айниқса, ишлаб чиқариш ва улгуржи савдо йўналишида ноқонуний даромад орттириш ёки хуфиёна иқтисодий ҳаракатларнинг олдини олиш борасида долзарб аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилиниши ҳар бир соҳада қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 3 июндаги “Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари бозорини тартибга солиш ҳамда уларнинг ноқонуний айланмасининг олдини олиш чора-тадбирларини кучайтириш тўғрисида”ги Фармонида алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда реализация қилиш соҳасида самарали назорат тизимини жорий этиш, уларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйиш, бизнесни юритиш учун соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилган. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти қошида Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси фаолиятининг йўлга қўйилиши ушбу йўналишдаги қонуний талабларни кучайтиришда муҳим асос бўлди.
Ҳозирги кунда соҳада 17 585 та тадбиркорлик субъекти фаолият олиб бормоқда, шундан 4 таси тамаки, 6 таси спирт, 36 таси алкоголь, 25 таси пиво маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланса, 427 та корхона улгуржи ва 17 093 таси чакана савдо билан банд. Инспекция томонидан яширин айланмаларни бартараф этиш борасида соҳани рақамлаштириш ва назорат тадбирларини ўтказиш устувор йўналиш сифатида белгиланган. Тизимнинг таянчи бўлган “ИСАТ” ахборот тизими орқали 52 та субъектнинг электрон ҳисоблагичлари, 44 та корхонанинг видеокузатув ускуналари ҳамда 163 та спирт ташувчи транспорт воситаларининг “GPS Treker” қурилмалари реал вақт режимида мониторинг қилинмоқда. Ушбу рақамли ислоҳотлар нафақат хавфларни барвақт аниқлаш, балки катта иқтисодий самара бериш имконини ҳам яратмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида давлат бюджет тизимига алкоголь маҳсулотларидан 539 миллиард сўм ва тамакидан 711 миллиард сўм, жами 1 триллион 250 миллиард сўм акциз солиғи ундирилиши таъминланди. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 12 фоизга ёки 137 миллиард сўмга кўпдир.
Соҳада яширин иқтисодий ҳаракатларнинг олдини олиш мақсадида Департамент билан ҳамкорликда ўтказилган 1 655 та тезкор тадбир доирасида истеъмолга яроқсиз бўлган 48,7 миллиард сўмлик алкоголь ва 49,3 миллиард сўмлик тамаки маҳсулотлари муомаладан олинди.
Кўрилаётган чоралар натижасида ноқонуний тамаки айланмаси 2024 йилдаги 19,4 фоиздан 11,4 фоизгача, 2025 йилда эса 7 фоизгача қисқартирилди. Шу билан бирга, Инспекция томонидан биржа савдолари орқали сотилаётган спиртнинг мақсадли ишлатилиши устидан кунлик назорат ўрнатилиб, лицензия талабларини бузган 13 та ишлаб чиқарувчи ва 49 та улгуржи савдо корхонасининг лицензияси бекор қилинди. Маҳсулот сифатини органолептик баҳолаш бўйича республика дегустация комиссияси фаолиятининг қайта тикланиши эса ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифат кафолатини таъминлашда янги босқич бўлди.
Бугунги кунда Инспекция нафақат назорат қилувчи, балки тадбиркорларга яқин кўмакчи орган сифатида ҳам фаолият юритмоқда. “Ишонч телефони” орқали келиб тушган юзлаб мурожаатлар тезкор кўриб чиқилиб, тадбиркорлик субъектлари билан доимий равишда сайёр қабуллар ва давра суҳбатлари ўтказилмоқда.
Ушбу учрашувларда лицензия олиш тартиби, қонунчиликдаги янгиликлар ва солиқ тўловлари юзасидан зарур тушунтиришлар бериб бориляпти. Хулоса қилиб айтганда, алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солишга оид қонун ҳужжатлари ижросини таъминлаш ҳамда тадбиркорларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш орқали иқтисодий барқарорликни юксалтириш борасидаги ишлар изчил давом эттирилади.
Баҳодир ШЕРАЛИЕВ,
Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳузуридаги
Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси бошлиғи
ЎзА