Инсон қадрини улуғлаш энг муҳим мезон
Бугун инсон қадрини улуғлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш давлатимиз сиёсатининг бош мақсадига айланган. Буни сўнги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар самаралари мисолида ҳам кўриш мумкин.
Хусусан, одамларни ҳаётдан рози қилиш, ўн йиллар давомида уларни қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этиш, халқ манфаатларини ҳар нарсадан устун қўйиш бирламчи вазифага айланди. Чуқур тарихий илдизларга эга инсон қадрини улуғлаш ғояси – Янги Ўзбекистонни юксак марраларга олиб чиқмоқда.
Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида ўз ифодасини топган еттита устувор йўналишнинг биринчиси – инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этишга бағишланганида ҳам ўзига хос ҳикмат бор.
Инсон қадрини улуғлаш юртимизда яшаётган ҳар бир одамнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлашни назарда тутади. Бугунги кунда шу мақсадларни амалга оширишда ҳаётимизга янги тушунчалар кириб келяпти. “Ижтимоий давлат”, “янги маънавий макон”, “маърифатли жамият” каби атамалар шулар жумласидандир. Бугунги кунда дунёда кечаётган глобал муаммоларга қарамай, Ўзбекистонда яратилган ва яратилаётган кенг имкониятларни илгари тасаввур ҳам қилмасдик. Ҳар куни, ҳар соатда янгидан-янги корхоналар очилмоқда, янги технологиялар кашф этилмоқда, янги таълим, илм-фан, маърифат, маданият ва маънавият масканлари қад ростламоқда. Бу эса, ўз навбатида миллатнинг илм-маърифати ошиб, фаровонлиги юксалиб боришига имкон яратмоқда.

Жаҳон тажрибасидан маълумки, энг ишончли ва самарали сармоя – инсон капиталига йўналтирилган инвестициядир. Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Биз мактабгача таълим ва мактаб таълими, олий ва ўрта махсус таълим тизими ҳамда илмий-маданий муассасаларни бўлғуси Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқаси, деб биламиз. Боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, профессор-ўқитувчилар ва илмий-ижодий зиёлиларимизни эса янги Уйғониш даврининг тўрт таянч устуни, деб ҳисоблаймиз”. Президентимизнинг мазкур соҳаларга доимий эътибор қаратаётганлигидан, йўналтирилаётган сармоя, сарфланаётган куч-ғайратнинг муттасил ошиб бориши натижасида жамиятнинг қолган барча тармоқлари ҳаракатга келиб, ривожланиши тобора жадаллашмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистон ёшлари ўртасида кенг оммалашаётган билим олиш, ўқиб-ўрганишга бўлган иштиёқ, интилиш ва ишонч бу борада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг, хусусан, таълим тизимидаги, илм-фан ва иқтисодиёт соҳаларидаги юксалишнинг бошланишидир.
2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида белгиланганидек, 2026 йилгача ёшларнинг олий таълим билан қамров даражасини 50 фоизга етказиш мўлжалланган. Давлат-хусусий шериклик асосида 100 минг ўринли талабалар турар жойининг барпо этилиши ҳам яратиладиган қўшимча имкониятлар сирасига киради. Шу билан бирга, масофавий таълим шаклини жорий этиш орқали ёшларнинг ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда олий маълумот олиш имконияти яратилади. Қабул параметрини шакллантириш ва тасдиқлашни соддалаштириш, ушбу жараёнда олий таълим муассасалари ваколатини кенгайтириш назарда тутилгани олий таълим даргоҳларининг мустақиллигини кенгайтиришга хизмат қилади.
Жумладан, тўлов-шартнома асосида ўқишга қабул қилиш параметрларини олий таълим муассасалари томонидан белгилаш тартибини жорий этиш, 2026 йилда қабул кўрсаткичини камида 250 мингга, олий ўқув юртлари сонини эса 200 тага етказиш мўлжалланган. Инсон қадрини, Ватанимизнинг нуфузини янада юксакларга кўтариш, Учинчи Ренессанснинг мустаҳкам пойдеворини яратишдек улуғвор мақсадларга хизмат қиладиган бу каби мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.
Жаҳонда рақобат тобора кучайиб бораётган бир пайтда стратегик бош мақсад – миллий тараққиёт истиқболининг тўғри белгиланиши халқимизнинг катта бахтидир. Ҳаракатлар стратегиясининг мантиқий давоми бўлган Тараққиёт стратегиясини амалга ошириш сари йўл тутилгани Янги Ўзбекистоннинг энг ривожланган давлатлар қаторидан жой олиши, халқимиз фаровонлигининг янада юксалишида муҳим омил бўлади.
Шоҳида Шакирова,
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети Беш муҳим ташаббус маркази раҳбари