Инсон қадри улуғланган юртга байрамлар ярашади
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 29 йиллик байрамига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, вазирликлар, ташкилот, корхона, муассаса раҳбарлари, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари давлат мадҳиялари янгради.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жӯқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов иштирок этиб, йиғилганларни Конституциямиз қабул қилинганлигининг 29 йиллик байрами билан муборакбод этди.
Таъкидланганидек, Бош қомусимиз ўзининг тамойиллари ва қоидалари билан мамлакатимиз тақдири, ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини белгилашда муҳим ҳужжат ҳисобланади. Шу боис тинч ва осойишта кунларнинг қадрига етиш, аждодларимизнинг эзгу анъаналарини бардавом сақлаш, юртимиз ободлигини таъминлаш, кекса нуронийлар, хотин-қизлар билан ёшларни қўллаб-қувватлаш бугунги ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган.
Сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуси билан барча соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, тадбиркорликни ривожлантириш ишларини жадаллаштириш, хотин-қизлар билан ёшларни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилаётгани, ёрдамга муҳтож инсонларнинг қўллаб-қувватланаётгани, “Маҳаллабай” ишлаш тизимининг амалиётга жорий этилаётгани ҳар бир фуқаронинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун қилинаётган эзгу ишлардир. Зеро, “Энг аввало, одамларимиз ислоҳотлар самарасини келажакда эмас, балки бугун ўз ҳаётида ҳис этишлари зарур”.
[gallery-5008]
Мамлакатимизнинг барча ҳудудлари сингари Оролбўйида ҳам бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Президентимизнинг 2020 йил 11 ноябрдаги “2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши ва шу асосда 3 йилга мўлжалланган дастур ишлаб чиқилганлиги бунинг яққол исботидир. Оролбўйининг энг чекка Мўйноқ, Қўнғирот, Қонликўл, Бўзатов ва Тахтакўпир туманларида ҳам туб ўзгариш ва янгиланишлар юз бермоқда.
Тадбирда сўзга чиққанлар кўрсатилаётган ғамхўрлик ҳамда юксак эътибор учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.
Тантанали маросимда санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг концерт дастури намойиш этилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА