Инсон қадри улуғланаётган юрт
Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг муҳим мезони — инсон қадрини юксалтириш, ҳар бир фуқаронинг дарди ва эҳтиёжига бефарқ бўлмасликдан иборат. Президентимиз ташаббуси билан аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизими мутлақо янги босқичга олиб чиқилди. Айниқса, ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз кексалар ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бугун маҳаллаларда амалга оширилаётган эзгу ишлар ана шу инсонпарвар сиёсатнинг амалий ифодаси сифатида юртдошларимиз ҳаётида ўз аксини топмоқда.
Бухоро вилояти Жондор туманининг “Қозикент” маҳалласида ҳам аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, эҳтиёжманд оилаларга манзилли ёрдам кўрсатиш, ногиронлиги бўлган шахслар ва ёлғиз кексаларга ғамхўрлик қилиш бўйича тизимли ишлар изчил амалга оширилмоқда.
3 минг 375 нафар аҳоли истиқомат қилаётган маҳаллада ижтимоий ходим Салоҳиддин Баҳридинов ҳар бир эҳтиёжманд фуқаро билан индивидуал ишлаш тамойили асосида фаолият юритмоқда. Бу ёндашув орқали ҳар бир инсоннинг эҳтиёжи ўрганилиб, унга муносиб ижтимоий хизматлар кўрсатилмоқда.
Айни пайтда маҳаллада 80 нафар ногиронлиги бўлган шахс яшайди. Улардан 4 нафари адаптив спорт турларига жалб қилиниб, жисмоний фаоллик ва ижтимоий ҳаётда иштирок этиш имкониятига эга бўлди. 14 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланиб, уларнинг мустақил ҳаёт кечириши учун муносиб шароит яратилди. Шунингдек, 33 нафар эҳтиёжманд шахс протез-ортопедия буюмлари ҳамда реабилитациянинг техник воситалари билан таъминланди.
Маҳаллада ёлғиз яшовчи кексалар ҳам давлат ва жамият эътиборидан четда эмас. Бугунги кунда 3 нафар ёлғиз кекса доимий ижтимоий ҳимоя билан қамраб олинган. Шу билан бирга, “Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасида 5 нафар ўзгалар парваришига муҳтож фуқарога уй шароитида ижтимоий-маиший хизматлар мунтазам кўрсатилмоқда.
Бу эзгу ишлар натижасини Тамара Зулфиқорова мисолида яққол кўриш мумкин. У синглиси Норгул Бобоева билан бирга истиқомат қилади. Маҳалла ижтимоий ходими томонидан Тамара опа ёлғиз яшовчи кексалар реестрига киритилиб, унга ҳар томонлама манзилли ёрдам кўрсатиш тизими йўлга қўйилди. Жумладан, унга соғлиғини тиклаш мақсадида санаторийга йўлланма берилди, тиббий кўрикдан ўтказилди, зарур дори-дармонлар билан бепул таъминланди ҳамда моддий ёрдам ажратилди. Шунингдек, “Фаол ҳаётга қадам” дастури асосида уйида ижтимоий-маиший хизматлар ташкил этилди. Куз-қиш мавсуми ва Рамазон ҳайити муносабати билан бир марталик моддий ёрдам кўрсатилди, доимий компенсация тўловлари эса ўз вақтида етказиб берилмоқда.
Энг муҳими, ҳомийлар ташаббуси билан ушбу хонадонга замонавий қуёш панели ўрнатилди. Бу нафақат электр энергияси харажатларини камайтиришга, балки оиланинг турмуш шароитини янада яхшилашга хизмат қилмоқда. Бу каби амалий ёрдам инсонга шунчаки моддий кўмак эмас, балки унга бўлган эътибор, меҳр ва ғамхўрликнинг ёрқин намунасидир.
Бугун “Қозикент” маҳалласида амалга оширилаётган ишлар бир ҳақиқатни яна бир бор тасдиқлайди: инсон қадри эъзозланган жамиятда ҳеч ким эътибордан четда қолмайди. Ҳар бир эҳтиёжманднинг ҳолидан хабар олиш, унинг муаммосини эшитиш ва амалий ечим топиш маҳаллада ҳаёт тарзига айланиб бормоқда.
“Қозикент” маҳалласидаги эзгу ишлар Янги Ўзбекистонда инсон манфаатлари барча ислоҳотларнинг бош мезонига айланганининг яна бир ёрқин исботидир. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Инсон қадри учун” тамойили асосида ҳар бир маҳаллада амалга оширилаётган бундай хайрли ишлар жамиятда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва ижтимоий адолат муҳитини мустаҳкамламоқда. Энг муҳими, бу каби ташаббуслар юртдошларимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада кучайтириб, ҳеч бир инсон ёлғиз эмаслиги, давлат ва жамият ҳамиша унинг ёнида эканини амалда намоён этмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА