“Инсон қадри” онлайн платформаси тақдимоти ўтказилди
“Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан Сирдарё ҳамда Жиззах вилоятлари ҳокимликлари мутасаддилари билан ҳамкорликда “Инсон қадри” онлайн платформаси ҳамда “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” тўплами тақдимотларига бағишланган тадбирлар ташкил этилди.
Бу ҳақда “Тараққиёт стратегияси” маркази ахборот хизмати хабар берди.
Сирдарё вилояти ҳокимлигида бўлиб ўтган тадбирда бошқарма ва идоралар раҳбарлари, вилоят Кенгаши депутатлари, маҳалла фуқаролар йиғини раислари, тадбиркорлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Сирдарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Анвар Каримов Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида вилоят аҳолиси турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган кўплаб чора-тадбирлар белгиланганлиги, ушбу вазифа ва мақсадларни амалга оширишда жамоатчилик мониторингининг ўрни ва аҳамияти юқори эканлигини айтиб ўтди.
Шунингдек, тадбирда асосий маърузачи сифатида иштирок этган «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков томонидан Тараққиёт стратегияси ва Давлат дастурларининг жойлардаги ижросида бевосита аҳолининг иштирокини таъминлаш мақсадида ташкил этилган «Инсон қадри» онлайн порталининг тақдимоти ўтказилди.
Тақдимотда порталнинг ишлаш механизми ва ундан кутилаётган натижалар тўлақонли ёритиб берилди. Жумладан, «davlatdasturi.uz» онлайн платформаси орқали Тараққиёт стратегияси ва Давлат дастурининг ижроси тўғрисидаги маълумотларни кенг жамоатчилик томонидан кузатиб бориш имкони яратилган. Аҳоли Давлат дастурининг ижроси юзасидан ўз фикр, таклиф ва эътирозларини билдиришлари мумкин.
Ўз навбатида, Давлат дастури ҳар бир бандининг ижро ҳолатини кўрсатиб ўтиш имконияти яратилганлиги тегишли давлат органларининг унинг ижроси бўйича масъулияти ва ҳисобдорлигини оширади.
Хусусан, порталга Тараққиёт стратегияси ва Давлат дастурининг ижроси натижалари юзасидан инфографик маълумотлар, видеоролик ва таҳлилий шарҳларга оид маълумотлар киритиб борилиши кенг жамоатчиликнинг амалга оширилаётган ислоҳотлардан тўла хабардор бўлишини таъминлайди.
Шунингдек, Э.Туляков «davlatdasturi.uz» онлайн платформасидан кўзланган натижага эришиш бевосита ҳар бир фуқаронинг бугунги ислоҳотларга бўлган дахлдорлик ҳиссига боғлиқ эканлигини таъкидлади. Сабаби, эндиликда барча юртдошларимиз каби сирдарёликлар ҳам мунтазам равишда ушбу платформани кузатиб бориб, вилоятда амалга оширилиши белгиланган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишига масъул саналишини айтиб ўтди.
Шундан сўнг Жиззах вилояти ҳокимлигида вилоят, туман-шаҳар раҳбарияти ҳамда вилоят фаоллари иштирокида «Инсон қадри» онлайн порталининг тақдимоти ўтказилди.
Жиззах вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Абдували Мустанов Ўзбекистонни келгуси беш йилда ривожлантиришга қаратилган Тараққиёт стратегиясида белгилаб берилган 100 та мақсад ва унинг доирасида амалга ошириладиган чора-тадбирларнинг аксарияти айнан Жиззах вилоятининг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини ошириш, аҳолининг турмуш даражасини яхшилашга қаратилганини таъкидлади.
Хусусан, Тараққиёт стратегиясининг 2022 йил – «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурида назарда тутилган 398 та банднинг 250 дан ортиғи Жиззах вилояти билан ҳам боғлиқ бўлиб, айни кун ҳолатига ижро муддати етиб келган 150 га яқин чора-тадбирлар ўз вақтида бажарилган.
Шундан сўнг «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков иштирокчиларни «Инсон қадри» онлайн портали билан таништирди. Порталнинг номи бежизга «Инсон қадри» дея номланмаганлиги, боиси ушбу портал орқали ижроси назорат қилиб бориладиган Тараққиёт стратегиясида белгиланган барча мақсадлардан кўзланган энг асосий мақсад мамлакатда инсон қадрини юксалтириш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасида Ҳаракатлар стратегияси доирасида бошланган ишларни тизимли давом эттиришга қаратилганини таъкидлади.
Шунингдек, ҳар икки тадбирда “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан тайёрланиб чоп этилган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган 7 та устувор йўналиш ва уни амалга оширишга қаратилган 100 та мақсад ҳамда кўрсаткичлар ҳақидаги маълумотлар акс эттирилган “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” тўплами тақдимотига оид видеоролик намойиши ҳам ўтказилди.
Қизиқарли маълумот ва янгиликларга бой бўлган тақдимотлар якунида мазкур портал “Тараққиёт стратегияси” маркази жамоаси томонидан мунтазам равишда такомиллаштириб борилиши, бунда кенг жамоатчилик томонидан билдирилган фикр ва мулоҳазаларга ҳам доимий равишда эътибор қаратилиши маълум қилинди. Жумладан, аҳоли томонидан порталда ёзиб қолдирилган ҳар бир таклиф ва ташаббус тегишли соҳа ходимлари ва марказ экспертлари иштирокида ўрганиб чиқилиб, келгусида амалга ошириладиган Давлат аҳамиятидаги чора-тадбирларни ишлаб чиқишда фойдаланилиши маълум қилинди.
ЎзА