Инсон қадри эъзозланган юрт
Юртимизда инсон қадрини улуғлаш, нуронийлар ва меҳнат фахрийларига эҳтиром кўрсатиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Айниқса, умрини халқ хизматига бағишлаган, маҳалла тинчлиги ва жамият равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилган инсонларга кўрсатилаётган ҳурмат халқимизга хос олийжаноблик ва бағрикенгликнинг ёрқин намунасидир.
Ана шундай эътиборга сазовор инсонлардан бири Навоий вилояти, Кармана туманида истиқомат қилувчи Дилмурод ота Холовдир. Вилоят ҳокими Нормат Турсунов унга “Президент ҳожиси” ташаббуси доирасида ажратилган Ҳаж йўлланмасини тантанали равишда топширди.

Д.Холов узоқ йиллар давомида маҳалла тизимида масъул вазифаларда самарали ишлаб, одамлар ўртасида меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшган. Бугунги кунда ҳам маҳалладаги “Кексалар маслаҳати” гуруҳи раиси сифатида ёшларга ҳаётий тажрибаси ва эзгу маслаҳатлари билан йўл кўрсатиб келмоқда.

Кўп йиллик самарали меҳнати ва жамоатчилик ишларидаги фаоллиги учун у “Шуҳрат” медали ҳамда “I даражали меҳнат фахрийси” каби юксак мукофотлар билан тақдирланган.

Тадбир давомида юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, Ватанимиз тараққиёти ва мамлакатимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларининг бардавом бўлиши учун хайрли дуолар қилиш сўралди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири