Дронлар ёрдамида шоли экиш синовдан ўтказилди
Шоличилик илмий-тадқиқот институтида “Шоли етиштиришнинг интенсив технологияси” мавзусида кўргазмали дала семинари бўлиб ўтди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутасаддилари, соҳа олимлари, мутахассислар, фермер хўжаликлари ҳамда кластерлар раҳбарлари иштирок этган тадбир давомида иштирокчилар шоли етиштиришнинг илғор агротехнологиялари, кўчат тайёрлаш жараёнлари, замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари кўргазмаси ҳамда шолини механизация асосида экиш усуллари билан яқиндан танишди. Амалий намойишлар семинар иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Хусусан, дронлар ёрдамида азотли ўғитларни сепиш, бегона ўтларга қарши курашиш ҳамда шоли уруғини экиш жараёнлари амалда кўрсатиб берилди.

Эътиборлиси, дрон ёрдамида шоли экиш технологияси мамлакатимизда илк бор қўлланилмоқда. Бу эса қишлоқ хўжалигида рақамли ва инновацион технологияларни жорий этиш борасидаги муҳим қадамлардан бири сифатида баҳоланмоқда.
Тадбир давомида сув тежовчи технологиялар, айниқса. шолини томчилатиб суғориш усулининг афзалликлари ва самарадорлиги юзасидан ҳам мутахассислар томонидан батафсил тавсиялар берилди. Таъкидланганидек, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бугунги кунда қишлоқ хўжалиги олдидаги энг долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.

Қайд этилишича, дунёнинг кўплаб шоли етиштирувчи мамлакатларида, хусусан, Вьетнам, Тайланд, Филиппин, Индонезия ва Малайзияда дронлардан фойдаланиш кенг жорий қилинган. Ушбу технологиялар уруғ сепиш, экинни озиқлантириш, касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш ҳамда бегона ўтларни йўқотиш каби агротехник тадбирларни самарали ташкил этишга хизмат қилмоқда. Хорижий тажрибалар шуни кўрсатмоқдаки, дрон технологияларидан фойдаланиш меҳнат унумдорлигини сезиларли даражада ошириш имконини беради. Айрим ҳолларда самарадорликнинг қарийб 30 баробаргача ошгани кузатилган.
Шунингдек, жорий йилдан бошлаб республикамизга юк кўтариш қуввати 100 килограммдан юқори бўлган замонавий дронлар олиб келиниши ва уларни қишлоқ хўжалигига, хусусан шоличилик тармоғига кенг татбиқ этиш режалаштирилмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, мазкур инновацион ёндашувлар келгусида юқори ҳосилдорликка эришиш, фермер ва кластерлар даромадини ошириш ҳамда мамлакатимиз аграр тармоғи ва иқтисодиёти ривожига муносиб ҳисса қўшишга хизмат қилади.
А. Мусаев,ЎзА