Инсон қадри — дахлсиз, эркинлик — бебаҳо
Когонда одам савдосининг олдини олиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш масалалари муҳокама қилинди.
Инсоннинг тақдири — рақам эмас. Унинг орзуси, умиди, оиласи, меҳнати ва эркинлиги бор. Шу боис инсонни алдов, мажбурлаш, эксплуатация ёки бошқа ғаразли мақсадлар йўлида воситага айлантириш нафақат бир шахснинг, балки бутун жамиятнинг тинчлиги ва маънавий асосларига таҳдид солади.
Бугун одам савдосининг олдини олиш масаласига шунчаки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг вазифаси сифатида эмас, балки инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, уларни турли хавф-хатарлардан асрашга қаратилган кенг ижтимоий вазифа сифатида қаралмоқда.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, қонуний манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб келинмоқда. Бу борада ҳуқуқий ва институционал механизмлар ҳам изчил такомиллаштирилмоқда. Хусусан, 2026 йил 3 августда қабул қилинган Президент фармони одам савдосидан жабрланганларни аниқлаш, уларни ижтимоий хизматлар билан қамраб олиш ва жамиятга интеграция қилиш тизимини янада такомиллаштиришни назарда тутади. Ана шундай эзгу мақсадлар Бухоро вилояти Когон шаҳрида ташкил этилган давра суҳбатида ҳам ўзининг амалий ифодасини топди.


Тадбирда Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгаши раиси Мақсуд Ҳамидов, Когон шаҳар ҳокими Миршакар Тўрабоев, шаҳар Кенгаши раиси Зарнигор Тошева ҳамда ҳамкор ташкилотлар вакиллари, шунингдек, фаоллар иштирок этишди.
Суҳбатда одам савдоси инсон ҳуқуқ ва эркинликларига таҳдид солувчи жиддий ижтимоий муаммолардан бири экани таъкидланди. Зеро, унинг ортида кўпинча инсоннинг ишончидан фойдаланиш, ёлғон ваъдалар билан алдаш, оғир меҳнат ёки эксплуатацияга мажбурлаш, ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоясиз ҳолатдан фойдаланиш каби ҳолатлар ётади. Шу нуқтаи назардан қараганда, одам савдосига қарши энг самарали чоралардан бири — унинг олдини олиш, яъни инсонни хавф ҳақида олдиндан огоҳлантиришдир.
Давра суҳбатида фуқароларни хорижда ишлашга жалб этиш жараёнида қонунийликка риоя қилиш, меҳнат миграцияси даврида учраши мумкин бўлган хавф-хатарлардан огоҳ бўлиш, иш берувчи ва воситачи ҳақида маълумотларни текшириш, расмий меҳнат шартномасига эга бўлишнинг аҳамияти ҳақида фикр алмашилди. Айниқса, ёшлар ўртасида тушунтириш ишларини кучайтириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди. Чунки бугун ахборот технологиялари ва ижтимоий тармоқлар орқали турли ваъдалар билан инсонларни ишончга киритиш, осон даромад ваъда қилиш ёки хорижда юқори маошли иш таклиф этиш каби усуллардан фойдаланиш ҳолатлари учраши мумкин. Бундай вазиятда ҳар бир инсоннинг ҳушёрлиги, ҳуқуқий саводхонлиги ва қарор қабул қилишда масъулият билан ёндашиши муҳим.
Ўзбекистоннинг одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги қонунчилигида ҳам қонунийлик, жавобгарликнинг муқаррарлиги, жабрланганларни камситмаслик ва ижтимоий шериклик асосий принциплар сифатида белгиланган. Демак, бу йўналишда фақат бир ташкилот ёки бир идоранинг ҳаракати билан чекланиб қолиш мумкин эмас. Давлат органлари, маҳалла, жамоат бирлашмалари, таълим муассасалари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва ҳар бир фуқаронинг масъулияти уйғунлашгандагина профилактика ишлари самараси янада ортади.
Давра суҳбатида одам савдосининг олдини олиш бўйича профилактик тадбирларни изчил давом эттириш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, айниқса, ёшлар, меҳнат миграциясига отланаётган фуқаролар ва ижтимоий жиҳатдан ҳимояга муҳтож қатламлар билан манзилли тушунтириш ишларини кучайтириш зарурлиги қайд этилди.


Муҳими, ҳар қандай профилактика тадбири қоғоздаги ҳисобот учун эмас, инсон тақдирини асраш учун хизмат қилиши керак. Зеро, бир кишининг алдов домига тушиб қолишининг олди олинса — бир оиладаги изтироб бартараф этилади. Бир ёш хавфдан огоҳлантирилса — унинг келажаги асраб қолинади. Бир инсон ўз ҳуқуқини билса — унинг эркинлиги ва қадр-қимматига тажовуз қилиш анча қийинлашади. Шу маънода, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш — одам савдосига қарши курашнинг энг муҳим профилактик пойдеворларидан биридир.
Тадбир якунида яна бир эзгу анъанага йўл очилди. Когон шаҳар Кенгаши раиси Зарнигор Тошевага Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Адолат” кўкрак нишони тантанали равишда топширилди. Мазкур эътироф унинг партия ва жамоатчилик ҳаётидаги фаолияти, жамият манфаатларига хизмат қилиш йўлидаги меҳнатига берилган муносиб баҳо сифатида қайд этилди. Шунингдек, 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан бир гуруҳ педагогларга таълим-тарбия соҳасидаги самарали меҳнати, ёш авлод камолотига қўшаётган муносиб ҳиссаси ва фидойилиги учун ташаккурномалар топширилди.
Бу ҳолат тадбир мазмунига яна бир маънавий жиҳат бағишлади. Зеро, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақида сўз борган жойда инсонни тарбиялаш, унга билим бериш ва ҳуқуқий онгини шакллантириш масаласи ҳам четда қолмаслиги керак.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири