Инсон психологияси билан ишлайдиганлар етарли билим ва малакага эга бўлиши лозим
Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда турли психологик маслаҳат ва кўмак беришни таклиф этаётган “психологлар”нинг чиқишлари кўпайиб бормоқда. Психологик билимга, тажрибага эга ёки эга эмаслиги ҳам номаълум бўлган бундай шахсларнинг фаолияти оммалашиб бораётгани жамиятга, одамларга қанчалик фойда келтирмоқда?
Бу каби ҳолатларнинг кўпаяётгани қонунчиликда психологик хизматларни тақдим этаётган шахслар авваламбор, мазкур йўналишда олий таълимга эга бўлиши ҳамда психологик ёрдам кўрсатиш ҳуқуқини берувчи тегишли ҳужжатга эга бўлишига оид талабни белгилашни тақозо этди. Шу боис, Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида «Аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, биринчи ўқишда қабул қилинган эди. Айни пайтда мазкур қонун лойиҳаси иккинчи ўқишга тайёрланиб, маромига етказилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда психология соҳасида педагог кадрларни тайёрлаш ҳамда амалиётчи психологлар фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Ҳозирги кунда мактаб ва мактабгача таълим тизимида педагог-психолог лавозимлари жорий этилган. Кўплаб олий таълим муассасаларида “Психология”, “Педагогика ва психология” таълим йўналишлари ташкил этилиб, ушбу соҳадаги қабул квоталари кескин оширилди. Бу эса психолог кадрларни тайёрлашда муҳим ўрин тутади.
Ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси билан аҳолига психологик ёрдам кўрсатишнинг асосий принциплари, вазифалари, турлари, шакллари ҳамда стандартлари белгиланмоқда. Шунингдек, психологик ёрдам кўрсатиш соҳаси иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, бепул психологик ёрдам кўрсатиладиган шахслар тоифалари аниқлаштирилмоқда.
Аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги профессионал уюшмалар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини яратиш, психологик ёрдам кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан психологик ёрдам кўрсатганлик ёки психологик ёрдам кўрсатиш бўйича қонунларда белгиланган чекловларга риоя этмаганлик учун маъмурий жавобгарлик чоралари кўзда тутиляпти. Хусусан, психологик ёрдамни бундай ҳуқуққа эга бўлмаган шахс томонидан кўрсатиш ёхуд психологик ёрдам кўрсатиш бўйича қонунларда белгиланган чекловларга риоя этмаслик фуқароларга БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача, мансабдорларга эса 10 бараваридан 15 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади. Бундан ташқари, психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш билан боғлиқ ишлар жиноят ишлари бўйича судлар томонидан кўриб чиқилиши таклиф этилмоқда.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш соҳасининг ҳуқуқий асосларини яратиш, фуқароларнинг малакали психологик ёрдам олишга бўлган эҳтиёжини қондириш, хусусий тартибда психологик ёрдам кўрсатиш бўйича фаолият билан шуғулланишда психологларнинг қонуний фаолият олиб боришини таъминлашга хизмат қилади.
Шуни таъкидлаш лозимки, инсон руҳияти билан ишлаш пул топиш илинжидаги юзаки фаолият бўлмаслиги керак. Инсон психологияси билан ишлайдиган шахс, албатта, бу йўналишда етарлича билим ва малакага эга бўлиши мақсадга мувофиқдир.
М.Комилова,
ЎзА