Инсон омилисиз расмийлаштирилган декларациялар экспортда 42 фоизни, импортда эса 13 фоизни ташкил этган
Миллий матбуот марказида Божхона қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан матбуот анжумани ўтказилди.
Унда соҳада сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, 2026 йилнинг январь–июль ойларида эришилган натижалар, божхона жараёнларини рақамлаштириш, тадбиркорларга яратилаётган қулайликлар ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги ишлар ҳақида маълумот берилди.
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, кейинги ўн йилда божхона соҳасига қаратилаётган юксак эътибор натижасида тизимда туб ўзгаришлар амалга оширилди. Аввалги тасаввурда асосан назорат ва божхона тўловларини ундириш вазифаларини бажарувчи тузилма сифатида намоён бўлган божхона органлари бугун ташқи савдо иштирокчиларига кўмаклашувчи, тадбиркорлар учун қулай шароит яратувчи ва замонавий хизматларни тақдим этувчи тизимга айланиб бормоқда. Бу жараёнда божхона тартиб-таомилларини такомиллаштириш, инсон омилини қисқартириш, рақамли технологияларни кенг жорий этиш, коррупциянинг олдини олиш ва хизматлар самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мамлакат ташқи сиёсатидаги очиқлик ва қўшни давлатлар билан дўстона муносабатларнинг мустаҳкамланиши чегаралардаги ҳаракат оқимига ҳам таъсир кўрсатди. Хусусан, 2017 йилда чегара божхона постлари орқали 21 миллиондан зиёд йўловчи ҳаракатланган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 60 миллионга яқинлашган. 2026 йилнинг январь–июль ойларида эса 40 миллиондан ортиқ йўловчи божхона постлари орқали ҳаракатланган. Юк автотранспорт воситалари ҳаракати ҳам сезиларли даражада ошган. 2017 йилда чегара божхона постлари орқали 484 мингдан зиёд юк автотранспорт воситаси ўтган бўлса, 2025 йилда бу рақам 1,8 миллиондан ошган. Жорий йилнинг етти ойида эса қарийб 1,2 миллионта юк автотранспорт воситаси ҳаракатланган.
Ташқи савдо ҳажми ўсишининг яна бир кўрсаткичи божхона юк декларациялари сонида намоён бўлмоқда. 2017 йилда 464 мингта декларация расмийлаштирилган бўлса, 2025 йилда ушбу кўрсаткич 1 миллион 153 мингтага етган. 2026 йилнинг етти ойида эса 715 мингта декларация расмийлаштирилган. Бундай катта ҳажмдаги товар ва транспорт оқими шароитида божхона назорати ва расмийлаштирувини самарали ташкил этишда рақамли технологияларнинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Божхона органлари фаолиятига ахборот тизимлари, мобил иловалар ва сунъий интеллект элементларининг жорий этилиши натижасида 2026 йилнинг ўзида декларацияларнинг қарийб 22 фоизи инсон аралашувисиз расмийлаштирилган.
Жорий йилнинг етти ойида 206 мингта экспорт декларациясининг 94 фоизи, 397 мингта импорт декларациясининг 87 фоизи соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилган. Инсон омилисиз расмийлаштирилган декларациялар экспортда 42 фоизни ёки 92 мингтани, импортда эса 13 фоизни ёки 58 мингтани ташкил этган. Натижада 52 мингдан зиёд тадбиркорнинг вақти ва ортиқча харажатлари тежалган. Ташқи савдо иштирокчилари учун яна бир муҳим қулайлик — «Ягона дарча» тизимининг такомиллаштирилаётганидир. Ҳозирда 11 та идоранинг 42 турдаги сертификат ва рухсатнома бериш жараёни рақамлаштирилиб, ягона тизимга бирлаштирилган. Бугунги кунга қадар мазкур тизим орқали 140 минг тадбиркорнинг 4 миллиондан ортиқ ҳужжати электрон шаклда расмийлаштирилган.
—Тадбиркорларнинг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш ва ташқи савдо фаолиятини рағбатлантириш мақсадида 10 мингдан ортиқ ташқи иқтисодий фаолият қатнашчисига 34 триллион сўмлик божхона тўловлари бўйича имтиёз ва преференциялар қўлланилган, — дейди Божхона қўмитаси матбуот котиби Хусан Тангриев. — Шунингдек, 450 га яқин ташқи иқтисодий фаолият қатнашчисига қарийб 4 триллион 944 миллиард сўм миқдоридаги божхона тўловларини кечиктириб тўлаш имконияти берилган. Фуқаролар ва тадбиркорлар учун товар ёки транспорт воситасини Ўзбекистонга олиб киришда тўланадиган божхона тўловларини олдиндан аниқлаш имконини берувчи янги лойиҳа ҳам тайёрланмоқда. Йил якунига қадар «AI-тариф» тизимини ишга тушириш режалаштирилган. У орқали фуқаролар товар расмини олиш билан унинг божхона тўловлари миқдорини мустақил аниқлаш имкониятига эга бўлиши кутилмоқда.

Гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш борасида ҳам қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликдаги тезкор тадбирлар натижасида 2026 йилда 1,8 тоннадан зиёд гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний олиб кирилиши ва яширин айланмасига чек қўйилган. Шунингдек, 158 та ўқотар, пневматик ва совуқ қурол ҳамда 325 та патроннинг ноқонуний муомаласига чек қўйилган.
Матбуот анжумани доирасида Божхона қўмитаси ҳамда Журналистлар уюшмаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми ҳам имзоланди. Меморандум доирасида божхона соҳасига қизиқиш билдирувчи, шунингдек, ушбу йўналишда ихтисослашиш ниятида бўлган журналистлар учун Божхона институтида махсус ўқув курсларини ташкил этиш режалаштирилган. Бу ташаббус журналистларнинг божхона соҳасига оид билим ва кўникмаларини ошириш, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини жамоатчиликка янада тўғри, холис ва профессионал етказишга хизмат қилади.
Матбуот анжумани якунида журналист ва блогерларни қизиқтирган саволларга Божхона қўмитаси раҳбарияти томонидан жавоблар берилди.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА