Супер-контрактларга ҳам таълим кредити бериладими?
Молиявий саводхонлик
Янги ўқув йили арафасида контракт тўлови талабалар ва уларнинг ота-оналари учун энг долзарб масалалардан бирига айланмоқда. Ўзбекистонда давлат дастури доирасида имтиёзли таълим кредитлари билан бир қаторда, банкларнинг ўз маблағлари ҳисобидан ажратиладиган таълим кредитлари ҳам мавжуд. Уларнинг шартлари, фоиз ставкалари ва қайси таълим турларига татбиқ этилиши эса бир-биридан фарқ қилади.
Олий таълим олиш истагида бўлган ёшлар учун контракт қийматини тўлаш масаласида таълим кредити муҳим молиявий воситалардан бири ҳисобланади. Айниқса, бир йўла катта миқдорда тўлов қилиш имконияти чекланган оилалар учун бундай кредитлар ўқиш харажатларини бир неча йил давомида босқичма-босқич қоплаш имконини беради.
Амалда таълим кредитларини шартли равишда икки гуруҳга ажратиш мумкин: давлат дастури доирасидаги имтиёзли таълим кредитлари ва банкларнинг ўз маблағлари ҳисобидан ажратиладиган таълим кредитлари. Улар ўртасидаги фарқни билиш муҳим. Чунки кредитнинг фоиз ставкаси, муддати, таълим шакли ва контракт тури бўйича талаблар айнан шу омилларга қараб белгиланади.
Давлат дастури доирасидаги имтиёзли таълим кредитлари Ўзбекистондаги давлат, нодавлат ва хорижий олий таълим ташкилотлари ҳамда уларнинг филиалларида кундузги таълим шаклида контракт асосида таҳсил олаётган Ўзбекистон фуқароларига берилади. Кредит талабанинг ўзига, унинг ота-онасига ёки васийсига расмийлаштирилиши мумкин. Мазкур кредитларнинг муҳим жиҳатларидан бири — белгиланган имтиёзли фоиз ставкаси. Айрим тоифалар учун давлат томонидан қўшимча енгилликлар ҳам назарда тутилган.
Кредит миқдори эса талабанинг курс ва ўзлаштириш кўрсаткичига боғлиқ. Биринчи босқич талабалари учун контракт қийматининг 100 фоизигача кредит ажратилиши мумкин. Иккинчи ва ундан юқори курсларда таҳсил олаётган талабалар учун эса GPA кўрсаткичи муҳим аҳамиятга эга. Агар GPA 3,0 дан паст бўлса, контрактнинг кўпи билан 80 фоизи кредит ҳисобидан қопланади, қолган 20 фоизи эса талаба томонидан олдиндан тўланади. GPA 3,0 ва ундан юқори бўлган ҳолатда контракт суммасининг 100 фоизигача кредит олиш имкони мавжуд. Шунингдек, «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган оилалар аъзолари учун ҳам белгиланган тартибда контракт қийматини тўлиқ молиялаштириш имконияти мавжуд.
GPA ва контракт маълумотлари автоматик аниқланади. Таълим кредити олиш жараёнида талабанинг ўзлаштириш кўрсаткичини тасдиқлаш учун алоҳида ҳужжат йиғишга эҳтиёж камаймоқда. Хусусан, талабанинг GPA кўрсаткичи HEMIS, контрактга оид маълумотлар эса kontrakt.edu.uz тизими орқали шакллантирилади. Бу рақамлаштириш кредит олиш жараёнини соддалаштириш ва ортиқча қоғозбозликни камайтиришга хизмат қилмоқда. Имтиёзли таълим кредитининг яна бир муҳим жиҳати — ўқиш даврида асосий қарзни қайтариш талаб этилмаслигидир. Асосий қарзни қайтариш ўқиш тугаганидан 6 ой ўтгач бошланади. Бу талаба учун таълимни тугатиб, ишга жойлашиш ва даромад манбаини шакллантириш учун муайян вақт беради.
Хотин-қизлар учун эса давлат дастури доирасидаги таълим кредити бўйича фоиз тўловлари белгиланган тартибда Жамғарма маблағлари ҳисобидан қопланади. Натижада шартларга мос келувчи хотин-қизлар асосий қарзни қайтаришга йўналтирилган тўловларни амалга оширади. Ҳозирда бир қатор тижорат банклари таълим кредитларини ажратмоқда. Улар орасида Ўзмиллийбанк, Агробанк, Ўзсаноатқурилишбанк, Асакабанк, Туронбанк, Халқ банки, Микрокредитбанк, Ҳамкорбанк, Orient Finans Bank, Бизнесни ривожлантириш банки ва Алоқабанк каби банклар бор.
Кредит муддатлари ҳам банкка қараб фарқ қилади. Масалан, айрим банкларда кредит 13,5 йилгача, бошқаларида эса ўқиш муддатига қўшимча бир неча йил қўшилган ҳолда берилади. Шунинг учун кредит олишдан олдин нафақат фоиз ставкасини, балки умумий қайтариш муддати, тўловни қайтариш бошланадиган давр, таъминот талаби ва бошқа шартларни ҳам солиштириш муҳим. Бу савол янги ўқув йили олдидан айниқса долзарб. Давлат дастури доирасидаги имтиёзли таълим кредити, асосан, белгиланган талабларга жавоб берадиган кундузги таълим шаклидаги оддий контракт тўловларини молиялаштиришга қаратилган. Бироқ айрим тижорат банклари ўз маблағлари ҳисобидан алоҳида таълим кредитларини таклиф қилмоқда. Уларнинг айримларидан супер-контракт тўловини қоплаш, шунингдек, кечки ёки масофавий таълим харажатларини молиялаштириш учун ҳам фойдаланиш мумкин.
Бу кредитларнинг асосий фарқи — улар давлат дастуридаги имтиёзли кредитларга нисбатан қимматроқ бўлиши мумкин. Айрим банк маҳсулотларида йиллик фоиз ставкалари 22–28 фоиз атрофида белгиланган. Масалан, айрим банкларда 100–150 миллион сўмгача бўлган таълим кредитлари 2–5 йилгача муддатга таклиф этилмоқда. Бироқ кредит суммаси, фоиз ставкаси, муддати ва супер-контрактни молиялаштириш имконияти ҳар бир банкнинг алоҳида маҳсулотига қараб фарқ қилади. Шу сабабли супер-контракт учун кредит олишни режалаштираётган талаба, аввало, танлаган банкнинг айнан шу маҳсулот бўйича шартларини аниқлаши лозим.
Таълим кредитининг яна бир муҳим хусусияти шундаки, кредит маблағи одатда талабанинг қўлига ёки банк картасига ўтказилмайди. Банк ажратилган маблағни тўғридан-тўғри таълим муассасасининг ҳисоб рақамига ўтказади. Бу маблағнинг айнан контракт тўловига йўналтирилишини таъминлайди. Кредит олиш учун, асосан, ариза, контракт шартномаси ва кредит таъминотига оид ҳужжатлар талаб этилади. Бунда кафиллик, гаров ёки суғурта полиси каби таъминот турлари қўлланилиши мумкин. Банк ички сиёсатига кўра қўшимча ҳужжатлар ҳам сўралиши эҳтимолдан холи эмас.
«Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган оилалардаги хотин-қизлар учун эса таъминот бўйича айрим енгилликлар назарда тутилган. Аризани онлайн топшириш мумкин Бугун таълим кредити олиш учун банкка бориб, навбат кутиш шарт эмас. Аризани «Таълим кредити» ахборот тизими ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали онлайн топшириш мумкин. Жараённинг асосий қисми электрон тарзда амалга оширилади. Зарур ҳолларда кредитни расмийлаштиришнинг айрим босқичлари банкда якунланиши мумкин.
Таълим кредити олишда «энг арзон кредит» деган тушунчадан кўра, талабанинг ҳолатига мос кредитни танлаш муҳим. Агар гап оддий кундузги контракт ҳақида кетаётган бўлса ва талаба давлат дастури талабларига жавоб берса, аввало имтиёзли таълим кредити шартларини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ. Агар эса супер-контракт, кечки ёки масофавий таълим учун маблағ керак бўлса, банкларнинг ўз маблағлари ҳисобидан ажратиладиган таълим кредитлари муқобил вариант бўлиши мумкин. Бироқ бундай кредитларда фоиз ставкаси юқорироқ ва қайтариш муддати қисқароқ бўлиши эҳтимоли бор. Шунинг учун кредит олишдан олдин бир нечта банк таклифини солиштириш, ойлик тўлов миқдорини ҳисоблаш ва кредитнинг умумий қийматини аниқлаш муҳим.
Энг асосийси, таълим кредити шартномасини имзолашдан олдин фоиз ставкаси, кредит муддати, имтиёзли давр, таъминот талаби, ойлик тўлов ва кредитнинг умумий қайтариладиган суммасига эътибор қаратиш лозим. Зеро, таълим кредити талаба учун ўқиш имкониятини кенгайтирувчи молиявий восита бўлса-да, у барибир қайтарилиши лозим бўлган мажбуриятдир. Шунинг учун қарор қабул қилишда нафақат бугунги контракт муаммоси, балки келгуси йиллардаги молиявий юк ҳам ҳисобга олиниши керак.
Ш. Маматуропова, ЎзА