“Инсон” инсонлар учун хизмат қилади
Бухоро вилояти Қоракўл туманида “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ўз фаолиятини йўлга қўйди. Бунда аҳолига ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатишнинг янги тизими жорий қилинди. Бошқача айтганда, оғир аҳволга тушиб қолган ёки ўзгалар мададига муҳтож, қийин шароитда яшаётган фуқаролар ва оилаларга маҳалла даражасида комплекс ёндашув асосида ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатиш устувор вазифа этиб белгиланди.
Улар томонидан маҳалланинг ўзида янги йилдан жами 70 дан ортиқ масала, жумладан, моддий ёрдам, ижтимоий хизматлар, бандлик, субсидия, кредит билан боғлиқ мурожаатлар ўрганилиб, ҳал этиш тизими шаклланмоқда.
Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг эҳтиёжлари ва мавжуд имкониятларини баҳолаш орқали индивидуал тартибда ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатиш режасини ишлаб чиқиш, фуқароларга ижтимоий хизматлар тўғрисида ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, талабгорларни ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ёки ёлғиз кекса ва ногиронлиги бўлган шахс деб эътироф этиш ёки бекор қилиш каби ижтимоий хизмат ва ёрдамлар “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари зиммасига юкланди.
Кундалик турмушда дуч келиш мумкин бўлган ҳолат: фуқаро ёки оила оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган, тазйиқ ва зўравонликни бошидан ўтказган, мухтасар айтганда, ҳаётдан умиди сўнган. Хўш, шундай вазиятда ижтимоий хизмат ходими қандай йўл тутади?
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг 71-сонли буйруғида ижтимоий хизмат ходимига “Ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга маҳаллада комплекс ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатишни ташкиллаштириш ёки бевосита ижтимоий хизматлар кўрсатиш учун лавозимга тайинланган шахс” деб таъриф берилган. Орамизда шундайлар бор, улар бир чимдим меҳрга, эътиборга муҳтож. Куни бўйи эшикка кўз тикиб, кимдир келармикан, дея интиқиб, тўшакка михланиб қолганлар ҳам маҳалла ва қишлоқларимизда етарлича учрайди. Зарур пайтда бундайларга елка тутиш, улар оғирини енгил, мушкулини осон қилиш ҳам ижтимоий хизмат масъул ходимининг касб малакаси, билим маҳоратига боғлиқ жараён, албатта.
–Дарғали ва Дарғабоғи маҳаллаларида фаолият юритаман, –дейди ижтимоий хизмат ходими Муроджон Файзуллаев. –Ҳудудда 1600 тадан ортиқ оилани ўрганиб, улар билан иш олиб бормоқдаман. Ҳар бир хонадонга кириш, уларнинг ташвиш-муаммоларини ўрганиш, ҳамкорлар билан бирга масаласини ўз жойида ечиш осон иш эмас. Шунга қарамасдан, касбим психолог бўлганлиги менга қўл келмоқда. Аввало, фуқаро руҳиятини ўрганмасдан туриб, у билан мулоқотга киришиш қийин. Мен ҳам касб нуқтаи назаридан, кимнингдир ташвишини астойдил енгиллатиш ҳаракатидаман.
–Шу ўринда баъзи маълумотларга тўхталсак, туманда мавжуд 50 та маҳалла фуқаролар йиғинига Муроджон Файзуллаевга ўхшаган 26 нафар ижтимоий хизмат ходими бириктирилган бўлиб, улар томонидан айни кунда 45 мингдан зиёд оиланинг ижтимоий аҳволи, турмуш тарзи ўрганилгани ҳолда муайян хизмат кўрсатиш фаолияти бошланган, – дейди “Инсон” ижтимоий хизматлар туман маркази директори Рустам Чориев. –Ўрганишлардан сўнг аён бўлишича, туман аҳолисининг 16 минг 823 нафари ёки қарийб 10 фоизини ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли тоифалари ташкил этади. Шу боис, ўтган ойда туман тиббиёт бирлашмасининг тор доирадаги мутахассисларини жалб қилган ҳолда ҳудудда якка-ёлғиз яшовчи, кекса ва ногиронлиги бўлган фуқаролар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.

Аниқланган касалликлари бўйича ўндан ортиқ фуқаро даволаш муассасаларига йўналтирилган бўлса, яна бир неча нафар эҳтиёжманд фуқаро реабилитация-техник воситалари билан таъминланган. 140 нафардан ортиқ фуқарога саломатлигини тиклаш учун санаторияларга йўлланмалар берилган.
Марказда келгусида руҳий-ижтимоий ёрдам мобиль хизмати ҳам ташкил этилиши кўзда тутилган. Юрист ва психологлардан иборат таркибдаги бу гуруҳлар орқали оғир вазиятга тушиб қолган ва ижтимоий-ҳуқуқий кўмакка муҳтож бўлган фуқароларга манзилли шошилинч руҳий-ижтимоий, ҳуқуқий хизматлар кўрсатилади. Бинобарин, фаолиятдан мақсад ҳеч бир фуқаро эътибор ва ғамхўрликдан четда қолмаслиги керак.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири