Инсон ҳуқуқларини юксалтириш йўлида
Муносабат
Жорий йилнинг 27 апрель куни «Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида»ги қонуни қабул қилинди.
ЎзА мухбирига Тошкент давлат юридик университети профессори, юридик фанлар доктори Фируза МУҲИТДИНОВА ушбу янги таҳрирда қабул қилинган қонуннинг мазмун-моҳияти ва унинг амалий ўрни ҳақида сўзлаб берди.
– 101 моддадан иборат Конституциявий суд тўғрисида қонун янги таҳрирда эълон қилинди, – деди Ф.Муҳитдинова. – Қонуннинг янгилиги шундаки, унда Конституциявий суд ваколатлари, Конституциявий суд судьясининг мақоми, Конституциявий суд ишларини юритиш, Конституциявий судга мурожаат қилиш ва мурожаатни дастлабки тарзда кўриб чиқиш ва ўрганиш масалалари аниқ белгиланган.
Қувонарли томони кеча Конституциявий суд тўғрисидаги янги таҳрирдаги қонун фуқаролар ва юридик шахсларга, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқини бериб, Конституциявий судга мурожаат қилувчи субъектлар доираси янада кенгайтирилгани янгиланаётган Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг мантиқий изчиллигини таъминлайди.
Шу кунга қадар Конституциявий суднинг фаолияти 2017 йил 31 майда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида»ги Конституциявий қонун билан тартибга солиниб келган бўлса, эндиликда янги таҳрирдаги қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисидаги қонунга кўра, Конституциявий суд доимий фаолият юритувчи суд ҳокимияти органи бўлиб, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ҳужжатларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиши 3-моддасида белгиланган.
4-моддада эса Конституциявий суднинг ваколатлари яъни Конституциявий суд:
Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишларининг, ҳукумат, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси давлатлараро шартномавий ва бошқа мажбуриятларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлаши;
Иккинчидан, Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан имзолангунига қадар Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунларининг, Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларини ратификация қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлаши;
Учинчидан, Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Қорақалпоғистон Республикаси қонунларининг Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса бериш;
Тўртинчидан, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларига шарҳ бериш;
Бешинчидан, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида судлар ташаббуси билан киритилган мурожаатини кўриб чиқиш;
Олтинчидан, конституциявий судлов ишларини юритиш амалиётини умумлаштириш натижалари юзасидан ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этиш ҳамда фуқаролар ва юридик шахсларнинг конституциявий ҳуқуқлари бузилганлиги тўғрисидаги шикоятлар бўйича қонунларнинг конституциявийлигини аниқлаш каби ваколатларини амалга ошириши ўз ифодасини топган.
Эътиборли жиҳати, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга. Конституциявий суд қайд қилинган ваколатларни амалга ошираётганида бошқа судларнинг ёки органларнинг ваколатларига кирадиган барча йўналишларда ҳақиқий ҳолатларни аниқлаш ва текширишдан ўзини тияди.
Мазкур қонунда конституциявий суд ва судьяларнинг мустақиллиги ҳам белгиланган. Қонуннинг 11-моддасида Конституциявий суд судьясининг қасамёди қайд этилганки, унда ўз ваколатини ҳалол ва виждонан бажаришга қаратилган қасамёд ҳар бир фуқаромизнинг одил судлов ҳимоясида эканлигини билдиради.
Қонунга кўра, Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тавсия этган шахслар орасидан, Қорақалпоғистон Республикасининг вакилини қўшган ҳолда сайланади.
Конституциявий суднинг ҳар бир судьяси якка тартибда сайланади. Конституциявий суд раис ва унинг ўринбосарини қўшган ҳолда тўққиз нафар судьядан иборат бўлади.
Конституциявий суд судьясининг ваколат муддати – беш йил. Конституциявий суднинг ҳужжатлари барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийлиги қонун устуворлигини таъминлайди.
Ана шундай ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон илк бора БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо бўлди. Бу янги қонун ҳам Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги саъй-ҳаракатлари, конституциявий асосини янада юқори босқичга чиқаришига ишонамиз.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.